Оромгоҳлар болаларни қабул қилишга шайми?

Ургут туманидаги “Чорчинор” болалар оромгоҳида ёзги соғломлаштириш оромгоҳларини намунали ташкил этишга бағишланган семинар ўтказилди.

Масалага масъул идоралар раҳбар ва ходимлари иштирок этган семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Б.Ўролбоев жорий йил ёз мавсумига болалар оромгоҳларини тайёрлаш, болаларнинг сифатли соғломлаштирилиши ва дам олишларини ташкил этиш бўйича бажарилаётган ишларга тўхталди.

Таъкидланишича, 2021 йил ёз мавсуми давомида вилоятда 74 та шаҳардан ташқари ва кундузги оромгоҳлар фаолият юритади, уларда 21 130 нафар бола соғломлаштирилади. 18 та шаҳардан ташқари оромгоҳларда 9 630 нафар болани дам олдириш учун 4 млрд. 781,1 млн. сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Ташкил этилаётган 56 та кундузги оромгоҳда 11 500 нафар болани дам олдириш мақсадида 575 млн. сўм маблағлар йўналтирилади (ота-оналар бадали 25 фоиз - 143,7 млн. сўм, ҳомийлар маблағи 75 фоиз - 431,2 млн. сўм).

Бу йилги мавсум давомида оромгоҳлар 4 давра фаолият кўрсатади, 1 даврада 2485 нафар болалар соғломлаштирилади. Мавсум давомида шаҳардан ташқари 18 та оромгоҳга 332 нафар ишчи-ходимлар - тарбиячи, етакчи, тўгарак раҳбари, спорт йўриқчилари, тиббиёт ходимлари бириктирилди.

Оромгоҳларда таълим-тарбия ишларини сифатли олиб бориш мақсадида вилоят, туман ва шаҳар ахборот-ресурс марказлари томонидан кўчма кутубхоналар ташкил қилиниб, ҳар бир оромгоҳ 600-700 тагача бадиий адабиёт, газета ва журналлар билан таъминланди.

Оромгоҳларда маданий-маърифий ва спорт тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида вилоят маданият бошқармаси томонидан алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, 18 та оромгоҳга таниқли санъаткорлар, театр актёрлари иштирокида концерт дастурлари намойиш этилиши белгиланган.

Шунингдек, семинарда мавсум давомида болаларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда йўналишларга ихтисослашган оромгоҳлар ҳам ташкил этилиши белгиланган.

Хусусан, иқтидорли тарбияланувчилар учун “Интеллектуал ривожлантириш”, “Техника ижодкорлик”, “Экологик-биологик ўлкашунослик”, “Бадиий ижодиёт”, шунингдек, тарбияси оғир, ижтимоий муҳофазага муҳтож болалар учун “Тарбия ва спорт соғломлаштириш” оромгоҳи ташкил этилади.

Семинар давомида мутахассислар томонидан  оромгоҳларда 12 кунлик намунавий таомнома асосида болалар  овқатланишини ташкил этишда санитария қоида ва меъёрлари талаблари тушунтирилди.  Оромгоҳларда маънавият хоналарини ташкил этиш, болалар қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш намуна тарзида кўрсатиб ўтилди. 

Бундан ташқари, оромгоҳларда жамоат ва ёнғин хавфсизлиги таъминлаш борасида оромгоҳлар раҳбарларининг масъулияти, оромгоҳларда малакали тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш, спорт тадбирлари ва мусобақалар ташкил этиш, сузиш ҳавзасидан фойдаланишда спорт мураббийларини роли тўғрисида маълумотлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, оромгоҳларда бу йилги мавсум 11 июндан бошланади.

Жасур Мамадаминов.

Жаббор Набиев (фото).