Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги: Афғонистонда электр узатиш тармоқлари портлатилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот келиб тушмаган

Афғонистон шимолидаги Боғлон вилоятида жойлашган электр узатиш тармоғи устунларида юз берган теракт оқибатида мамлакатнинг 11 вилояти электр таъминоти тизимида узилиш юз берди, дея хабар тарқатганди ToloNews.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати вазирлик ҳузуридаги Ўзбекистон Миллий электр тармоқларига Афғонистонда электр узатиш тармоқлари (тармоқ устунлари) портлатилгани ҳақида Афғонистондаги харидорлардан ҳеч қандай маълумот ёки хабар келиб тушмаганини билдирди.

Мавжуд шартнома асосида Афғонистон Ислом Республикасига узулишларсиз электр энергияси етказиб бермоқда (1 суткада тахминан 1,5 млн. КВт/соат).

Лекин шуни айтиш жоизки, 2019 йил 14 сентябрь соат 14:00 дан кейин Ўзбекистондан Афғонистонга узатилаётган энергия миқдорини қабул қилиш даражасида кескин тушиш ҳолати рўй берган. Бу одатдагидан қарийб 3 марта кам эканлиги қайд этилган.

Электр узатиш тармоқлари, яъни ҳаво линияларининг таянч устунларига етказилган зарар, уларни таъмирлаш ишларини ҳар бир мамлакат ўз ҳудудида ўзи амалга оширади.

Айрим сабабларга кўра, таъминоти узилган электр тармоғи, тахминимизча, Афғонистон истеъмолчилари Тожикистон Республикасидан харид қиладиган ҳаво линияларида содир бўлган бўлиши мумкин. Агар ушбу тахмин тўғри бўлса, тожикистонлик ва афғонистонлик мутахассислар таъмирлаш ишларини қачон ва қай тартибда амалга оширишидан бехабармиз.