Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Ўзбеккино» ва Ўзбекистон телеканаллари “Уй кинотеатри” акцияси доирасида ҳамкорлик қилади

Наврўз байрами кунлари ўзбекистонликлар 30 та янги кино премьераси билан танишадилар.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги телевизион эфир вақтини тўлдириш учун давлат ва нодавлат телеканалларга кинофонддан 750 бирликдаги материалларни тақдим этади. Акциянинг биринчи босқичи 250 дан ортиқ киноматериаллар - ҳужжатли ва бадиий фильмлар (2015-2018 йиллар), мультфильмлар (2010-2018 йиллар), қисқа метражли фильмлар ҳамда болаларнинг севимли “Зумраша” киножурналининг янги сонларини (2016-2018) ўз ичига олади.

Шунингдек,  «Ўзбеккино» телеканалларга тақдимоти яқин, икки ҳафта ичида ўтказилиши мўлжалланган 30 та янги фильмни тақдим этади. Улар орасида “Қўқон шамоли”, “Авлоний” , “1 августь” ва бошқалар бор.

- Мақсадимиз мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, карантин тадбирлари давомида уйда ўтирган болалар ва катталарнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишдан иборат, - дейди “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов. – Давлат ва нодавлат телеканаллар таклифимизни қўллаб-қувватлаганидан миннатдормиз. Аминманки, бундай акцияни биргаликда ўтказиш, уйда ўтирганларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш баробарида, миллий киномаҳсулотларимизга бўлган эътиборни оширади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ҳукуматининг коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ҳақидаги тавсияларидан келиб чиқиб, мамлакат миқёсида оммавий кўнгилочар томошалар, жумладан, кинотеатрлар фаолияти ҳам тўхтатилган.

Шу билан бирга карантин кунлари ўқув муассасалари ёпилган, байрам  тадбирлари бекор қилинган.