Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Паст Дарғомлик фуқаро хонадонига ноёб қуш - кўл буқаси қаердан келди?

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Паст Дарғом тумани Жума шаҳри, Олмазор кўчаси, 13-уйда яшовчи фуқаро Шавкат Тўраев уйига номаълум бир қуш учиб келгани ҳақида туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясига мурожаат қилди.

Ҳолат юзасидан давлат инспекторлари томонидан жойига бориб ўрганилганда, Шавкат Тўраев хонадонига келиб қолган ушбу қуш катта кўл буқаси (выпь) бўлиб, у Ўзбекистоннинг кўл ҳудудларида кўпроқ учрайди. Ҳозирги кунда бу қуш йўқолиб кетиш хавфи остида қолаётган ноёб турлардан бири ҳисобланади.

Хонадон соҳибининг айтишича, қуш бу ерга ҳолсиз аҳволда келиб қолган.

Инспекторлар томонидан жойида далолатнома тузилиб, катта кўл буқаси Жомбой туманида жойлашган "Зарафшон" миллий табиат боғига топширилди.

Санжар САДУЛЛАЕВ,

вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.