Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пайшанбадаги тарихий мадраса энди музей бўлади

  Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасидаги қарийб 250 йиллик тарихга эга мадраса биноси тумандаги бир гуруҳ зиёлилар, нуронийлар таклифи билан халқ кутубхонаси ва ўлкашунослик музейига айлантирилмоқда.

  Кекса отахонларнинг айтишича, бу тарихий обидадан собиқ иттифоқ даврида узоқ йиллар давомида ўғит сақланадиган омборхона сифатида фойдаланилган. Йиллар давомида ташландиқ ҳолатга келиб қолган бу бино атрофи туман ҳокимлиги ва маданият бўлими ташаббуси билан чиқиндилардан тозаланиб, тартибга келтирилди.

  – Маълумотларга кўра, ушбу тарихий бино 1791 йилда Муҳаммад Амир Нақиббек томонидан қурилган, – дейди маданий мерос объекти масъул қаровчиси Илҳом Файзиев. – 1928 йилгача мадраса бўлган иншоот, афсуски, кўп йиллар эътибордан четда, қаровсиз қолди. Бу масалада кўп жойларга мурожаат қилдик, бормаган идорамиз қолмади. Фақатгина кейинги йилларда вилоят ва туман ҳокимлигининг моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаши билан бинони таъмирлаш ва бу ерни маданият, маърифат масканига айлантириш ҳаракати бошланди. Туман маданият бўлимига яқинда раҳбар бўлган Шодиёр Амиров ҳам бу ишга бош қўшмоқда.

  Бу ерда ташкил этиладиган кутубхонага келган китобхонлар хужраларда ўтириб мутолаа қилиши, ўзини ўтмишга саёҳат қилгандек ҳис этиши мумкин.

  - Ҳужралар, айвон ва унинг шифти, устунлари ўз ҳолича қолдирилиб таъмирланмоқда, - дейди И.Файзиев. - Кутубхона учун китоб жавонлари келтирилди. Музей учун 10 мингга яқин қадимий ашёлар йиғилди. Улар орасида кўп йиллик тарихдан сўзловчи кўзалар, тангалар, уй-рўзғор буюмлари мавжуд.

  Бино ҳовлисидаги қадимий қудуқлар киши эътиборини тортмай қолмайди. Айтишларича, ўз вақтида бу қудуқлардан нафақат ушбу мадраса илми толиблари ва мударрислар, балки маҳалла аҳли ҳам фойдаланган.

  Ўтмиш ва бугунни ўзида акс эттирадиган музей ҳамда кутубхона Каттақўрғон тумани, Пайшанча шаҳарчаси ўтмиши ҳақида маълумот берадиган маданият маскани бўлиш баробарида, Самарқанднинг сайёҳлик йўналишларидан ўрин олса ажабмас.