Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Районо”, “отдел”, “садик” пайариқчасига ўзбекчами?

Аксарият мамлакатларда ўз тилини билишга фахр, ўзга тилни билишга зарурат сифатида қарашади. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Бизнинг жамиятимизда-чи? Мана шу мувозанат қай даражада қарор топган? Гапнинг дангалини айтадиган бўлсак, бу борада биз мақтанишга ҳақимиз йўқ. Учта гапнинг бирида русча ишлатмасак бўлмай қолган. Бу тилимизга, миллатимизга бўлган ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.

Тўғри, тартибни аввало, раҳбарлардан бошлаш керак. “Районога бориб келаман”, “Бу отделга ёрдам қилиш керак”, “Садикда аҳвол чатоқ”, деган гапларни ҳар куни қайта-қайта айтаверсак, тилимизга ҳурматимиз ошадими?

Айрим жой номлари ҳам ярашмаган ямоқдек: Тентак, Қўтирбулоқ, Айри, Кўтаракал... Шунга ўхшаш номларни ўзгартириш ҳақида минг марта айтилди. Лекин масъуллар хўп-хўп дейишдан нарига ўтолмаяпти.

Пайариқни бир айланиб кўринг, тилимизга ёт бўлган сўзлар тўлиб-тошиб ётибди.

Жорий йилнинг 9 март куни Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир раислигида кўча ва аҳоли пунктларини номлаш, пешлавҳалар, реклама ва эълонларнинг давлат тилида берилиши сингари масалалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлди. Йиғилишда юқоридаги масалалар танқидий муҳокама этилди.

Вазиятга оқилона, одилона ёндашиш талаб этилди.

Яна бир гап. Марказий кўчалар, маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича масъулларнинг фамилияси, исми, телефон рақамлари акс этган афишаларга бир назар солинг. Туманимиздаги иккинчи ва учинчи сектор раҳбарлари лавозимини тарк этганига анча бўлди. Аммо улар ҳақидаги маълумотлар ҳам кўчалардаги эълонлар лавҳаларида турибди. Буларни ўзгартириш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.

Ширинбой МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.