Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Рейд тадбирларида ноқонуний дорихона ва дорифурушлар фаолиятига чек қўйилмоқда

Бугунги пандемия шароитида аҳолини сифатли дори-дармон ва бошқа тиббий воситалар билан таъминлашга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бу борада Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан дорихоналарда нархларнинг барқарорлигини таъминлаш борасида мунтазам тушунтириш-тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Ўз навбатида тезкор тадбирлар орқали ноқонуний дори савдоси билан боғлиқ ҳаракатлар фош этилмоқда.

Ана шундай рейд тадбиридан бири Қўшработ туманида ўтказилди. Унда Ҳабиба Қаландарова (исм, фамилиялар шартли) ўз уйининг ёрдамчи хўжалик хонасида ноқонуний равишда дорихона ташкил этганлиги аниқланди. Тегишли тартибда рўйхатдан ўтмасдан, лицензиясиз фаолият олиб бораётган мазкур “дорихона”да 106 турдаги, жумладан “Соvid-19” касаллигига қарши курашишда фойдаланиладиган 10 турдаги 3 миллион 700 минг сўмлик дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилояти Узун туманида яшовчи Жасур Каримов кўҳна кентнинг Гагарин кўчасидаги кўп қаватли уй ҳовлисида ноқонуний равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланаётгани аниқланди. У ижтимоий тармоқ орқали буюртма асосида етказиб берилган чакана баҳоси 300 минг сўм бўлган “Клексан-4000” дори воситасини қиммат нархда, яъни қутисини 1 миллион 200 минг сўмдан, жами 27 қути дори воситасини 32 миллион 400 минг сўмга сотган вақтда холислар иштирокида ушланган.

Ж.Каримовдан ноқонуний сотиш учун тайёрлаб қўйилган “Соvid-19” касаллигига қарши курашишда фойдаланишга тавсия қилинган 99 қути, қиймати 40 миллион 600 минг сўмлик “Клексан-4000”, “Клексан-2000” ва “Имудон” дори воситалари ашёвий далил сифатида масала қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинча олиб қўйилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.