Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Саҳиҳ ҳадисларнинг 40 фоизи Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) завжалари Оиша онамиздан келиб чиққан

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида АҚШнинг Стэнфорд университети маърузачиси бўлган ёш ватандошимиз – диншунослик ва Ўрта Осиё тарихи фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори Азиза Шоназарова иштирокида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти ёш олимлар кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган семинар-тренингда Ислом динида аёлларнинг ўрни, хотин-қизлар тўғрисидаги оятлар ва уларнинг талқинлари, ҳадисларда баён этилган аёлларнинг жамиятдаги ролига оид масалалар ҳақида сўз юритилди.

Азиза Шоназарова “Ислом динида аёлларнинг ўрни олималар нигоҳида” мавзуидаги маърузасида исломда хотин-қизлар ўрнининг замонавий талқинлари, машҳур мусулмон олималарнинг илмий назариялари ҳақида сўзлади. Жумладан, Лейла Аҳмад (Гарвард университети), Фотима Мернесси (Сорбонна университети), Амина Вадуд (Виржиния университети), Саба Маҳмуднинг (Беркли университети) тадқиқотларида баҳс қилинган аёллар ва гендер масалалари, ҳижоб ҳақидаги фикрлар, Ислом динида аёлларнинг ўрни, анъанавий исломий талқинларда аёлларнинг иккинчи даражага тушиб қолиши, “Хаммурапи қонуни” билан боғлиқ назарияларга тўхталиб ўтди. Қуръон оятларини асосан эркак уламолар шарҳлаб, тафсир қилиб келганига эътибор қаратиб, аслида Исломда музаккар ва муаннас Яратганнинг олдида тенг кўрилишини мисоллар билан қайд этди.

– Саҳиҳ ҳадисларнинг 40 фоизи Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) завжалари Оиша онамиздан келиб чиқиши ўша пайтларда аёлларга муносабат қандай бўлгани ва уларнинг жамиятдаги мавқеини қанчалик юксак эканлигини билдиради, - деди Азиза Шоназарова.

Семинар-тренингда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан АҚШнинг Стэнфорд университети ўртасида илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.