Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд аҳолисини тадбиркорликка жалб қилиш учун 410 миллиард сўм маблағ ажратилган

Бу ҳақда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида берган ахборотида айтиб ўтган.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги  “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятга жами 410 млрд. сўм ресурс маблағлари ажратилган. Ушбу маблағлар ҳар бир маҳалла, туман ва банклар кесимида тақсимланган.

Ишчи гуруҳлар томонидан аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида, вилоятдаги 1094 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 647 минг 585 хонадонда яшовчи фуқаролар билан суҳбат ўтказилган.

Вилоят “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази” томонидан жорий йилнинг олти ойи давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг 390,8 млрд. сўмлик жами 16 минг 833 та лойиҳаси маъқулланган.

Молиялаштирилган лойиҳаларнинг 82,4 млрд. сўми (28 фоизи) иссиқхона, 48,8 млрд. сўми (16 фоизи) артизан қудуқлар қазиш ва боғдорчиликни ташкил қилиш, 41,7 млрд. сўми (14 фоизи) паррандачилик хўжалиги, 29,5 млрд. сўми (10 фоизи) тикувчилик йўналишидаги лойиҳаларга молиялаштириб берилган.

Бундан ташқари, аҳолининг бандлиги ва қўшимча даромад олишини таъминлаш мақсадида ғалладан бўшаган 32 минг 599 гектар ер майдони 18 минг 762 нафар аҳолига бириктириб берилган. Ўз навбатида такрорий экин экиш учун 1502 нафар фуқароларнинг 10,5 млрд. сўмлик кредитга бўлган эҳтиёжи аниқланиб, тижорат банклари томонидан молиялаштирилган.