Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда санъаткорлар тақчилми?

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида вилоятдаги санъат аҳли билан давра суҳбати ўтказилди. Уни Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов олиб борди.

Тадбирда шаҳар ва туман маданият бўлимлари раҳбарлари, мусиқа ва санъат мактаблари директорлари, таниқли санъаткорлар, ёш хонандалар иштирок этди.

Давра суҳбатида санъаткорлар томонидан янги қўшиқлар, жумладан, Самарқандни мадҳ этувчи асарлар яратилмаётгани ёки айтилаётган қўшиқларнинг сўзлари аҳолига, айниқса, ёшларга тушунарсиз ҳолда куйланаётгани, миллий руҳдаги қўшиқлар тўй-базмларда деярли айтилмаётгани, қўшиқчилар жонли ижрода чиқиш қилмасдан фонограммадан фойдаланаётгани, санъаткорга хос бўлмаган ҳаракатларининг ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетаётгани танқид остига олинди.

– Бугун санъаткор-у хонандалар фойдаланиши учун замонавий чолғу асбоблари истаганча бор, лекин аксарият қўшиқчиларда истеъдод йўқ, ўз устида ишлаш йўқ - деди Р.Қобилов. – Ачинарлиси, ҳозирда баъзилар тадбирга созанда билан боради-ю қўшиқларни фонограммада ижро этади. Бу санъатга бўлган хиёнат эмасми? Бу каби салбий ҳолатлар туфайли кейинги йилларда самарқандлик санъаткорлар “Ниҳол” давлат мукофотини ололмаяпти. Давлат тадбирларида самарқандликларнинг чиқиши йўқ ҳисоби. Яхши рақси билан танилган раққосалар етишмайди, рақс мактаби шакллантирилмаган.

Учрашувда вилоят бўйича 150 нафар санъаткор лицензияга эга эканлиги, аслида эса уларнинг сони 700 дан зиёдлиги айтилди. Шундан келиб, чиқиб келгусида уларни қонуний фаолият олиб боришини таъминлаш ва солиқларни вақтида тўлаш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди.

Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан таклифлар билдирилди. Унга кўра, келгусида элимиз суйган санъаткорлар иштирокида хайрия галаконцерти ташкил этилади, Самарқанд юлдузлари қўшиқлари тўплами яратилади. Санъаткорлар ўртасида турли тадбирлар ва спорт мусобақалари уюштирилади. Ҳар ойда бир маротаба шундай учрашувлар ўтказилади.    

Ҳусан ЭЛТОЕВ.