Самарқанд шаҳри транспорт тизимини ривожлантириш лойиҳаси хорижий компаниялар томонидан амалга оширилади
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида амалга оширишга оид давлат дастурида бир қатор устувор вазифалар белгиланган.
Дастурда хорижий компания ва мутахассисларни жалб этган ҳолда транспорт тизимининг тегишли кўрсаткичлари бўйича янгиланиб бориладиган рақамли базани такомиллаштириш, транспорт тизимининг математик моделларини ишлаб чиқиш, шаҳар транспорт тизимини қисқа ва ўрта муддатли режалаштириш механизмини жорий этиш назарда тутилади.
Бир қанча йўналишларни ривожлантириш қаторида Самарқанд шаҳрининг транспорт тизимини комплекс режалаштириш мақсадида моделлаштиришни жорий этишга ҳам эътибор қаратилган.
Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва замонавий талаблар асосида бажаришни ташкил қилиш мақсадида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Самарқанд шаҳри ва унга туташ бўлган ҳудудларни транспорт логистикасини тубдан ўзгартириш, яъни автомобиль йўллари ва йўл кўрсаткичларни тубдан ўзгартириш, йўловчилар оқимини ҳисобга олган ҳолда жамоат транспорти ҳаракати йўналишларини белгилаш, хизмат сифатини яхшилаш, тизимни қайта кўриб чиқиш, замонавий талабларга мослаш тўғрисида сўз борди.
Йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари А.Шукуров иштирок этиб, транспорт тизимини комплекс режалаштириш ва моделлаштиришни жорий этиш мақсадида хорижий компания ва мутахассислар жалб этилганлигини, Самарқанд шаҳри транспорт тизимини истиқболли ривожлантириш бўйича транспорт-мастер режасини ишлаб чиқиш лойиҳаси хорижий компаниялар ҳисобидан амалга ошириш режалаштирилаётганлигини таъкидлади.
Соҳага алоқадор ташкилот раҳбарларидан мазкур лойиҳани амалга ошириш учун талаб қилинаётган маълумотларни тезкор ва ишончли тарзда етказиб бериш сўралди.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.