Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрида транспорт хизматини кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар нималарда кўриняпти?

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, автомобиль йўлларининг таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги автобусларнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қиляпти. Бунинг оқибатида айрим автобуслар  харажатини қопламай туриб, ҳаракатланишдан тўхтатишга мажбур бўлмоқда. Шунингдек, ойлик маоши камлиги боис автобус ҳайдовчилари ишни ташлаб кетяпти. Бу эса автобусларнинг белгиланган жадвал асосида қатновига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Булардан ташқари, Самарқанд шаҳрида 2 тагина “такси” тўхташ жойи мавжуд. Буларга қўшимча талаб этилган 10 та махсус “такси” тўхташ жойлари ташкил этилмаган.

Шаҳарнинг “Поворот”, Буюк Ипак йўли, Кимёгарлар қўрғони, Ёшлар маркази, Университет хиёбони, Кулолон ва Регистон бекатлари, “Хазора”,  “Сиёб” автобошбекати, Банк коллежи, Ипак йўли банки, Шодиёна мажмуаси, “Сиёб деҳқон бозори” ҳудудларини ноқонуний йўловчи ташувчи транспорт воситалари эгаллаган. Улар йўлнинг қатнов қисмини ёпиб, тирбандликлар ва турли кўнгилсизликлар келтириб чиқармоқда.

Айни пайтда Рудакий, Шоҳизинда кўчаларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хўжа Аҳрори Вали, Марв ва Абу Бакр Розий кўчалари ва Янги Ҳаёт маҳалласи ички йўллари таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Йўлларда транспорт воситалари оқими кўп ва бекатларга шахсий автоуловлар қўйиб кетилмоқда. Буларнинг барчаси автобуслар ҳаракатини чеклаб, йўналишлардаги автобуслар қатнов графигининг 10-15 дақиқагача узайиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Самарқанд шаҳридаги бекатлар атрофига, белгиланмаган жойларга шахсий автоуловларни қўйиб кетишнинг олдини олиш борасида тегишли чоралар кўрилмаяпти.

Шаҳардаги 173 та оралиқ бекатларнинг 10 га яқини таъмирталаб. Улар ҳамон мутасаддилар эътиборини кутиб турибди (Гагарин, Исмоил Бухорий, Садриддин Айний, Шоҳизинда кўчаларининг ҳар бирида иккитадан).

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта вилоят ҳокимлигида ўтказилган фаоллар йиғилишида юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилган.