Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрининг бош режаси лойиҳаси муҳокама этилди

Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 январдаги қарори асосида Қурилиш вазирлиги томонидан тасдиқланган манзилли дастурга мувофиқ “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси томонидан 2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳрининг 2040 йилгача мўлжалланган бош режасини ва марказий қисмини батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Манзилли дастурга кўра, бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳаси “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси ҳамда Хитойнинг “China Construction Engineering Design Group Corp. Ltd” компаниясининг мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳа белгиланган тартибда дастлаб Самарқанд вилояти ва шаҳри мутасадди ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилиниб, кейинги босқичда республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашида кўриб чиқилиши ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланган.

Жорий йилнинг июль ойи якунида бош режа лойиҳасининг вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, ташкилотлар масъуллари иштирокидаги дастлабки муҳокамаси ўтказилган эди. Бугун вилоят қурилиш бошқармасида бош режа мутасаддилар ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этилди.

Лойиҳа бош архитектори, “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси мутахассиси Ф.Негматова ишлаб чиқилган бош режа ҳақида маълумот берди.

Муҳокама давомида мутахассислар, жамоатчилик вакиллари бош режа юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга лойиҳа муаллифларидан жавоб олиб, таклиф ва тавсияларини билдирди.