Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд тарихий обидаларига йўл тўсиқсизми?

Самарқанд шаҳрида шу йилнинг 25 августида бошланган туристик объектлар, тарихий обидаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун яратилган шароитларни ўрганиш бўйича ўтказилган «Самарқанд тарихий обидаларига йўл» акцияси давомида нима ишлар қилинди ва қандай камчиликлар аниқланди?

Бу ҳақда мазкур акция якуни сифатида ўтказилган давра суҳбатида фикрлар билдирилди. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси ўринбосари Шерзод Сафаров, вилоят ҳокими ўринбосари Х.Очилов сўзга чиқиб, Самарқанддан бошланган ушбу акция барча тарихий шаҳарларда ҳам давом этишини таъкидлади.

- Бутун дунёда 7 миллиард аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг бир миллиардини жисмоний имконияти чекланган кишилар ташкил қилади, - дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти раҳбари Д.Нарзиқулов. – Ўтган йили мамлакатимизга 6 миллион сайёҳ ташриф буюрган, уларнинг 10 фоизи ногиронлиги бўлган инсонлардир. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тўсиқсиз туризм, инклюзив туризм каби қатор лойиҳалар амалга оширилди. Ўтган йили «Саёҳат барча учун!» лойиҳасини амалга ошириб, минг нафарга яқин жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун саёҳатлар ташкил этилганди. Бу каби ишларнинг мунтазамлиги «Юксалиш» умумиллий ҳаракатининг мазкур акцияси билан давомли бўлмоқда.

Анжуман давомида «Юксалиш» умумиллий ҳаракати вакиллари сўзга чиқиб, мазкур акция давомида юзага келган хулоса, таклифлар билан ўртоқлашдилар. Хусусан, Регистон мажмуасида кўзи ожиз инсонлар учун ансамбль макети, кар-соқов инсонлар учун сурдотаржимон хизматлари ва мажмуа рўпарасидаги йўлдан ўтиш жойидаги светоорга қўл тугмаси ўрнатиш, Амир Темур мақбарасига кириш эшиги пандуслар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган гигиена хонаси қуриш бўйича таклифлар берилган.

Акция давомида Самарқандда истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган шахсларга саёҳатлар уюштирилиб, уларнинг фикрлари инобатга олинди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.