Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд тумани иқтисодиётида қандай ўзгаришлар бор?

Самарқанд тумани иқтисодиётини ривожлантириш учун ўтган йили қандай ишлар амалга оширилди? Бу ишларнинг қандай самараси бўлди? Жорий йилги режалар қанақа?

Шу ва бошқалар ҳақида Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов қуйидагиларни гапириб берди:

- Туманда ҳоким сифатида иш бошлашим билан кўпни кўрган кекса авлод вакиллари, меҳнат фахрийлари, ўз ишини пухта биладиган мутахассислар, тадбиркорлар, тажрибали фермер хўжаликлари билан тил топишишга ҳаракат қилдим.

Албатта, Самарқанд тумани 7 та туман ва шаҳар билан чегарадош эканлигини инобатга оладиган бўлсак, шунга яраша ташвишлари ва муаммолари бор. Муаммолар ечимини топишда авваламбор аҳоли, шу жумладан, маҳалла оқсоқоллари фикрларига таянаман. Сектор раҳбарлари билан аҳоли ва тадбиркорларни, бугунги кунда эса ёшларимиз билан жойларда сайёр қабулларни ташкил этаяпмиз ва имкон қадар фуқароларнинг муаммоларини жойида ҳал этишга, муддат талаб қилинадиганларига ижрочиларга муддат бераяпмиз.

Келиб тушаётган мурожаатларни ер ва ер муносабатлари, уй-жойларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, уй-жой билан таъминлаш ва таъмирлаш, электр энергияси ва табиий газ таъминоти, йўлларни таъмирлаш, жамоат транспорти қатновини тартибга солиш каби масалалар ташкил этмоқда.

Жойларда айрим фуқароларимиз онгида сингиб қолган “мени давлат боқиши шарт”, деган тушунчани ўзгартириб, уларни қўлидан келадиган иш ёки тадбиркорликка жалб этиш, тижорат банкларидан кредит олиб бериш, пировард натижада, фойдали меҳнатга жалб этиб, боқиманда кайфиятдан чиқариш чораларини кўраяпмиз. Хотин-қизларимизни, айниқса, ўсиб келаётган қизларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича маҳаллаларда, ҳудудлар хусусиятларидан келиб чиқиб, секторлар кесимида “йўл хариталари” ишлаб чиқаяпмиз.

Инвестициясиз тараққиёт бўлмайди

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида фаоллар билан ўтказган йиғилиши, Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳамда Раёсат йиғилиши баёнлари билан Самарқанд туманида 2019-2020 йилларда 90 та лойиҳа, қиймати 1 462,1 миллиард сўм бўлган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланган. Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 1361 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

2019 йилда 455,6 миллиард сўмлик 68 та инвестиция лойиҳалари фойдаланишга қабул қилиниб, 743 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилганди. Йил якуни бўйича 488,3 миллиард сўм бўлган 71 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада 755 та янги иш ўринлари яратилди.

Жумладан, қишлоқ ҳўжалиги йўналишида 222,1 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 38 та лойиҳа амалга оширилди ва соҳада 322 та иш ўрни яратилди. Саноат йўналишида эса 25 та лойиҳа амалга оширилиб, ўзлаштирилган маблағ 240,5 миллиард сўмни ташкил этди, яратилган иш ўрни 380 тага етди.

Бундан ташқари, туманда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан ўтган йилнинг якуни бўйича дастлабки маълумотларга кўра, 25,8 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Корхоналар кесимида оладиган бўлсак, "Multi fruit Korea" МЧЖ 3 миллион 148,4 минг, “Меҳр-Саодат” МЧЖ 7 миллион 49,1 минг, “Интер Агро” МЧЖ 403 минг, "Samarqand meva sabzavotlari" МЧЖ 166,4 минг, "Green Agro Trade" МЧЖ 1 миллион 500 минг, “Ohalik oltin bog’i mevasi” МЧЖ 5 миллион 692 минг, “Ventun qurilish savdo” МЧЖ 300 минг, "Metin tekstil" МЧЖ 1 миллион 168 минг ҳамда "Аpple universal servise" МЧЖ томонида 707,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестицияларни ўзлаштирди.

Экспорт кўрсаткичини оширишимиз керак

Саноат ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини экспортга чиқариш борасида ҳам қатор ишлар олиб борилди.

2019 йилда туманда экспорт қилиш режаси 49,2 миллион доллар миқдорида белгиланган бўлиб, ўтган давр мобайнида 66 та экспортёр корхоналар томонидан 49,2 миллион долларлик маҳсулотларни экспортга чиқарди ва йиллик режа 100 фоизга бажарилди.

2020 йилда туман бўйича дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12,0 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалаб қилиниши ва саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ ҳўжалиги йўналишларида қиймати 950,4 миллиард сўм бўлган 63 та инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилиши, асосийси, 1627 та янги иш ўрни яратилиши ҳамда туман худудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан 54 миллион АҚШ доллари миқдорида саноат ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини экспортга чиқариш режалаштирилган.

2020 йилдаги режалар

Биринчидан, туманда янгидан ташкил қилинадиган кичик бизнес субъектлари сонини 737 тага ошириш мақсад қилинган. Иккинчидан, якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари сонини 1500 тага етказиш чоралари кўрилмоқда. Учинчидан, фаолиятини тўхтатган 222 та хўжалик юритувчи субъектларга амалий ёрдам бериш (айланма маблағ, кредит, инфраструктура ва ҳоказо) орқали улар фаолиятини қайта тиклаш мақсадида иш олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (легализация) тўловчилари сонини 6000 тага кўпайтириш асосий режага киритилган.

Ушбу чора-тадбирлар натижасида маҳаллий бюджет ихтиёрида қоладиган (режа 90 миллиард сўм) 20 миллиард сўм қўшимча маблағлар жалб этилишига эришилади.