Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд туманининг Қайнама маҳалласида ДХМ филиали иш бошлади

Самарқанд вилоятининг 16 та ҳудудида фаолият олиб бораётган Давлат хизматлари марказларида аҳолига 130 дан ортиқ хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Туман ва шаҳар марказларидан олис бўлган маҳаллаларда истиқомат қилувчи юртдошларимизга кенг имкониятлар яратиш мақсадида шу кунгача Қўшработ туманининг Жомбулоқ ҳамда Нуробод туманининг Саҳоба маҳаллаларида давлат хизматлари маркази филиаллари фаолияти йўлга қўйилган эди.

Бугун Самарқанд туманидаги Қайнама маҳалласида Давлат хизматлари марказининг янги филиали иш бошлади.

- Илгари ушбу ҳудуд ва унга туташ маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли турли хизматлардан фойдаланиш учун туман ва вилоят марказига келиб кетишган. Бу эса аҳолининг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашига сабаб бўларди, – дейди маҳалла фаоли Умида Шайманова. - Давлат хизматлари маркази филиали фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳудуд аҳолисини йиллар давомида қийнаб келган муаммолар ечими йўлидаги муҳим қадам бўлди. Шу бугуннинг ўзида мазкур филиалда битта ёш оила тантанали равишда никоҳдан ўтказилди. Маҳалламизда истиқомат қилаётган иккита оила вакилларининг фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар топширилди.

Ушбу маҳаллада фаолият бошлаган филиалда 619 та хонадон тезкор, қулай ва сифатли давлат хизматларини олиш имкониятига эга бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Паст Дарғом туманининг Гўзалкент қўрғони, Каттақўрғон шаҳрининг Ингичка ҳамда Ургут туманининг Жартепа маҳаллаларида ҳам ДХМ филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Келгусида барча туман ва шаҳар марказларидан олис маҳаллаларда худди шундай масканларни очиш режалаштирилмоқда.