Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд уйғоқ шаҳарга айланмоқда

Ҳар икки йилда ўз юртига келиб, қариндош-уруғлар билан дийдорлашиб, шаҳарни айланиб кетиб, соғинчига оз бўлса-да, малҳам топадиган қариндошларимиз шундай кунларнинг бирида тунги Самарқандга сайрга чиқишди.

Ўзим ҳам анчадан бери кечки ўндан кейин шаҳарда юрмагандим. Регистон майдонига қараб йўл олдик. Тўғриси, кўзларимга ишонмадим, Ислом Каримов кўчаси  худди кундузи Сиёб бозоридаги сингари гавжум эди. Асосан ёш оилалар фарзандлари билан, ёшлар, ёши кексалар. Айниқса, кўчада велосипед, скутер, пультли машиналарни ижарага ҳайдаш учун берилиши ёшларни бу масканга жамлаган. Ҳар доим Регистон атрофига келганда ҳис қиламан, бу атрофнинг ўзгача салқини, шабадаси бор. Бу ҳам одамларни кечки пайт Регистон атрофида жамланиши боиси бўлса керак. Улар орасида минораларни томоша қилаётган хорижлик сайёҳлар, Ислом Каримов кўчасида сайр учун қўшни вилоятдан келган меҳмонлар, шунчаки, тоза ҳаводан баҳраманд бўлишни истаётган кўплаб самарқандликларни учратиш мумкин.

Табиийки, мазкур ҳудуднинг ҳавоси ўзгачалигига шу атрофда бунёд этилган хиёбон ва унда парваришланаётган юзлаб арча, каштан каби манзарали дарахтлар, жуда катта майдонни эгаллаган яшил майсазор ҳам сабабчи. Шаҳарнинг мана шу каби бир неча ҳудудлари, хусусан, мусиқали фаввора ўрнатилган маскан, хиёбонлар кечки пайт гавжум эканлиги Самарқанд тунги пайт ҳам анча жонланганини исботлаб турибди.

Бу ҳолат эса кишини қувонтиради. Юқоридаги меҳмонларимиз ҳам бир гапни такрорлашди: «Самарқанд ўзгарибди, илгари кечки тўққиздан кейин сокинлик ҳукм сурарди. Фарзандларимиз билан айланишга чиқсак аллақандай хавотирга тушардик. Шаҳар шунчалик кимсасиз ва бўм-бўш бўларди. Ахир бу сайёҳлар шаҳри бўлса, унда одамлар айниқса ёзнинг иссиқ кунлари сайр қилиши, Самарқанднинг тунги ёриткичлар ёруғидаги чиройидан баҳраманд бўлиши керакку!»

Кўпчилик шаҳардаги тунги ҳаётни фақат дискотекалару, тунги барларнинг фаолият кўрсатиши билан боғлайди. Ваҳоланки, сайёҳлик шаҳрининг тунги ҳаёти кечки сайр, чойхоналар, ҳунармандчилик марказлар фаолияти, фольклор дасталарининг чиқишлардан иборат кичик-кичик кўринишлар билан янада кўркли бўлиши мумкин.

Гап фақат сайёҳларда ҳам эмас. Шаҳар аҳолиси асосан кундузи ақлий ё жисмоний меҳнат билан машғул бўлади. Қолаверса, ёш оилалар сони кўпчиликни ташкил этади. Улар учун ўз вақтида мазмунли ҳордиқ жуда муҳим. Шунинг учун истироҳат боғлари, кўнгилочар масканларни кўпайтириш бугунги куннинг талабидир. Зеро, яхши ҳордиқ унумли меҳнат гаровидир.

Самарқандда ҳам ривожланган давлатлардаги сайёҳлик ҳудудлари сингари тунги ҳаётнинг пайдо бўлаётгани қувонарли, аммо уни ранг-баранглаштириш ишларига эътибор лозим.

Г.Мўминова.