Самарқанд вирус тарқалишининг чўққисидан ўтдими?
Самарқанд шаҳридаги коронавирус хасталигига гумон қилинган ҳамда тасдиқланган беморларни даволаш учун мўлжалланган марказ фаолияти ҳақида бир неча бор мақола ва суҳбатлар бердик. Аммо аҳоли орасида ушбу марказдаги аҳвол ва беморларга муносабат бўйича саволлар тўхтагани йўқ. Шуларни инобатга олган ҳолда вилоят тақсимлаш маркази бош шифокори Абдулла АБИЕВ билан суҳбатлашдик.
– Марказда коронавирусга гумон қилинган беморлар ҳам даволанаётгани ҳақида маълумотлар берилмоқда. Айтингчи, айни пайтда бу ерда даволанаётган беморларнинг қанчасида ушбу хасталик тасдиқланган?
– Бугунги кунда даволаш ва тақсимлаш марказида COVID-19 касаллигига чалинган ва шу касалликка гумон қилинган 600 нафардан ортиқ бемор даволанмоқда. Уларни даволашда мутахассисларга қулай бўлиши учун беморларнинг умумий аҳволи ва қўшимча касалликлари инобатга олиниб, 9 та секторга ажратиб жойлаштирилган. Масалан, биринчи ва иккинчи секторга ҳеч қандай сурункали касалликлари бўлмаган, ўртача оғирликдаги беморлар, учинчи секторга қандли диабет нуқсони бўлган, тўртинчи секторга юрак қон-томир касаллиги бўлган, бешинчи секторга асаб тизимида нуқсони бўлган беморлар жойлаштирилган. 7-8-9-секторлар реанимацион блоклар бўлиб, унда беморлар аҳволи қай даражада оғирлигига қараб жойлаштирилган.
Даволаниб бўлгач беморлар умумий аҳволига қараб уйга ёки реабилитация қилиш учун бошқа шифохоналарга юборилади.
Айни пайтда марказга Самарқанд шаҳар, Паст Дарғом, Самарқанд, Жомбой, Пайариқ ва Оқдарё туманларидан бошқа ҳудудларга нисбатдан кўпроқ бемор келмоқда.
– Хасталикка чалинган беморлар яхши овқатланиш керак, деган тушунча аҳоли орасида кенг тарқалди. Аммо бу фикрни кучли овқатланиш керак, деб қабул қилиб, меъёрни унутаётганлар кўп учрамоқда.
– Коронавирус инфекциясини юқтирган беморларга кўпроқ суюқлик ичиш, витаминга бой ва калорияли овқатлардан меъёрида истеъмол қилиш тавсия этилади.
– Марказга келаётган беморларнинг қанчаси оғир аҳволда, бунинг сабаби нимада?
– Фуқаролар касалликни юқтиргандан сўнг вақтида шифокорга мурожаат қилмаслиги, ўзларича уйда нотўғри даволанишлари ва врачлар томонидан буюрилган даво муолажаларни тўлиқ бажармаганликлари туфайли кўпчилик беморлар оғир аҳволда мурожаат қилмоқда. Бундай беморларни даволаш анча қийин бўляпти.
– Марказда нечта беморга бир шифокор ва ҳамшира хизмат кўрсатмоқда?
- Айни кунга қадар марказда ҳар 10 нафар беморга бир нафар врач ва 12 нафар беморга бир ҳамшира тўғри келади. Бу албатта, етарли.
– Аҳолида марказда даволанаётганлар учун берилаётган дори-дармон таъминотида баъзида узилишлар бўляпти экан, деган фикрлар ҳам бор. Бу ҳақда нима дейсиз?
– Марказда даволанаётган беморларга керак бўлган барча дорилар бюджет маблағлари ҳисобидан бепул берилади. Дори-дармон таъминотидан узилишлар бўлгани йўқ.
– Марказда беморлар сони кейинги кунларда ошяптими ёки аксинча?
– Кейинги 4-5 кунда беморлар сони камаймоқда, шунингдек, даволаш самарадорлиги ошиши натижасида оғир беморлар сони ҳам олдингига нисбатан анча кам. Беморлар келиши ва умумий статистикага асосланиб айтиш мумкинки, Самарқанд вирус тарқалишининг чўққи нуқтасидан ўтди. Аммо дунё тажрибасидан кўриниб турибдики, хасталик вақти-вақти билан авж олиши ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Шунинг учун вирус келиб чиқиши билан боғлиқ санитария қоидаларига эътиборсиз бўлишга ҳаққимиз йўқ.
Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди.