Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 33 476 нафар педагог COVID-19 вирусини аниқлаш бўйича тест топширди

Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари, тиббиёт бирлашмаларининг хулосалари, ўқитувчилардан олинган тест натижалари ҳамда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг тегишли қарорларига кўра, вилоятнинг 9 та ҳудудидаги 38 та умумтаълим муассасаларида жорий йилнинг 14 сентябридан босқичма-босқич анъанавий тарзда дарслар бошланди.

Вилоятдаги 1255 та мактабда дарс жараёнларини ташкил этиш ҳамда кириш-чиқиш схемалари ишлаб чиқилди. 13 сентябрга қадар 548 та мактабнинг пандемия даврида фаолият олиб бориши мумкинлиги тўғрисида санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг хулосалари берилди. 33 476 нафар (61,3 %) педагоглар COVID-19 вирусини аниқлаш бўйича тест топширишди. Вилоятдаги барча мактабларга жами 2 355 та пирометр, 1 литр ҳажмдаги 1908 дона антисептик воситалар ҳамда 111 228 та тиббий ниқоблар етказилди. Таълим муассасаларига соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ҳамда ички ишлар ходимлари бириктирилди.

Мактабларда дарс жараёнлари Халқ таълими вазирлиги томонидан янги ўқув йилининг 1-чораги учун белгилаб берилган намунавий дарс жадвали асосида ташкил этилмоқда.

Анъанавий таълим бошланган мактабларда 2003 нафар бошланғич ва юқори синф ўқитувчилари 9713 нафар бошланғич синф, 7136 нафар 5-11-синф ўқувчиларига сабоқ бермоқда.

Дарс жадвалини шакллантиришда бир вақтнинг ўзида ўқувчиларнинг кўп тўпланмаслигининг олдини олиш учун дарс машғулотлари бошланғич синфлар учун дарс 8:00 да, 5-8-синфлар учун 8:30 да, 9-11-синфлар учун 9:00 да бошланади. Дарслар орасида 5 дақиқалик, бошланғич синфларда 2 соатдан кейин, 5-11 синфларда 3 соатдан кейин 10 дақиқалик катта танаффус берилади.

Вилоятнинг қолган туманларидаги мактабларда ҳам босқичма-босқич анъанавий тарзда дарслар бошланиши кўзда тутилган.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.