Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда коронавирус аниқланган беморнинг яқинлари, бирга ишлаганлардан 200 киши карантинга олинди

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълумотларига кўра, юртимизда карантин эълон қилинганидан буён вилоятда 6645 киши тиббий кузатувга олинган. Бугунги кунгача уларнинг 3094 нафари қарантиндан чиқарилди. Айни пайтда 2000 дан ортиқ фуқаро уй шароитида карантин муддатини ўтамоқда. Вилоятдаги карантинга олинган шахсларни сақлаш учун тўртта тиббиёт муассасасида қўшимча 1000 га яқин ўрин яратилди ва керакли миқдорда дори-дармон, тиббий воситалар билан таъминланди.

– 6 апрель куни вилоятимизда бир кишида коронавирус инфекцияси аниқланди ва у айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда, – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов. – Ҳозирда беморнинг ҳолати яхши. Касаллик аниқланганидан кейин ушбу фуқаро билан бирга яшовчи ва ишловчилар, унинг қўни-қўшнилари ҳамда у билан мулоқотда бўлган 200 нафардан ортиқ киши ҳам карантинга олиниб, уларнинг саломатлиги назорат қилиб борилмоқда.

Карантин шароитида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун 13,5 минг нафар тиббиёт ходимлари жалб этилган. Уларнинг 200 нафари карантинга олинган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатмоқда. Бундан ташқари, вилоятда ташкил этилган 139 та дезинферция гуруҳлари томонидан 41 мингга яқин объект дезинфекция қилинди.