Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда маҳалла раиси 150 доллар эвазига сохта маълумотнома бергани учун қонун олдида жавоб берди

Исмоил Ўктамов (исм ва фамилиялар шартли) узоқ йиллардан буён Самарқанд шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг раиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Табиийки, тажрибали оқсоқолдан кўпчилик турли масалаларда маслаҳат сўраб турарди. Шу боис Олмос Остонов ҳам унинг алдовига ишонди.

Ўша куни И.Ўктамов фуқароларга уй-жойга муҳтожлиги тўғрисида маълумотнома бериш тўғридан-тўғри хизмат ваколатига кирмаса-да, О.Остоновга 150 АҚШ доллари эвазига келгусида уйга муҳтож оилаларга арзонлаштирилган уй-жой сотиб олишда фойдаланиш учун маълумотнома расмийлаштириб беришини айтади. Шу мақсадда ундан 50 АҚШ доллари, кейинроқ яна 100 АҚШ долларини олиб, унга сохта маълумотлар акс этган, яъни О.Остонов оиласи билан Самарқанд шаҳридаги уйлардан бирида ижарада яшаши ва уй-жойга муҳтож оила эканлиги тўғрисида далолатнома берган.

Аммо алдов йўли билан қўлга киритилган пул маҳалла раисига буюрмади.

Суд И.Ўктамовни 1 йил корхона, ташкилот, муассасаларда моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Жазони ўташ муддати ҳукм ижрога қаратилиб, судланувчи жазо муддатини ўташ учун жўнатилиб, корхонада иш бошлаган кундан бошлаб ҳисобланадиган бўлди.

З.ХАМРОҚУЛОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими инспектори.