Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда ногиронлар, ёлғиз кексаларга қандай ёрдам кўрсатиляпти?

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ўтган йили 1749 нафар Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийлари, 1680 нафар ёлғиз кексалар, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд бошқа тоифалари тўлиқ тор доирадаги мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижаларига асосан уларнинг 289 нафари амбулатор, 219 нафари стационар ва 436 нафари уй шароитларида даволанган.

Шунингдек, 2019 йилда 125 нафар ёлғиз фуқароларнинг уй-жойлари туман ва шаҳар ҳокимликлари, ҳомий ташкилотлар томонидан таъмирланиб, 190 нафар ёлғиз фуқароларга реабилитация техник воситалари етказиб берилган.

Вилоятда 248 нафар якка-ёлғиз фуқаролар мавжуд бўлса, улар ойма-ой 15 турдаги бепул озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена воситалари билан таъминлаб борилмоқда. Ушбу фуқароларга 204 нафар ижтимоий ходимлар манзилли ижтимоий ёрдам бераётган бўлса, 734 нафар патронаж ҳамширалар тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Ўтган йилда 190 нафар 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг санаторий муассасаларида бепул даволаниши ташкил қилинган. Нафақахўрлар, ногиронлар, ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа ночор қатламларидан 3989 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги санаторийларда соғломлаштирилди.

2019 йил давомида 1563 нафар фуқароларга ногиронлар аравачаси, 560 нафар фуқароларга эшитиш мосламаси, 351 нафар фуқароларга қўлтиқтаёқ, 639 нафарига ҳасса, 119 нафарига бошқа турдаги (ходунок, кўзи ожизлар ҳассаси, тирсакли қўлтиқтаёқ, пешоб ва нажас қабул қилгич каби) ҳаракат воситалари етказилган. Шунингдек, 576 нафар фуқароларга протез-ортопедия маҳсулотлари тайёрлаб берилган.

Ушбу ҳаракат воситаларини харид қилиш ва ўз вақтида муҳтож фуқароларга етказиб бериш учун 604,2 миллион сўмлик маҳаллий бюджет маблағлари сарфланган.

Туман, шаҳар тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбаси, тиббиёт бирлашмалари, ТМЭК ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳамкорлигида уйма-уй юриб ўтказилган ўрганишлар натижасида 2020 йилда 734 нафар фуқароларни ногиронлар аравачаси билан таъминлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 374 нафар фуқароларга эшитиш мосламаси, 363 нафар фуқароларга қўлтиқтаёқ, 471 нафар фуқароларга ҳасса, 186 нафарига бошқа турдаги ҳаракат воситалари етказиб бериш керак. Қолаверса, 493 нафар фуқароларга протез-ортопепедия маҳсулотлари тайёрлаб берилиши зарур.

Ушбу мақсадлар учун 960 миллион сўм маблағ ажратилиши талаб этилади.

Ёқубжон ГАДОЕВ тайёрлади.