Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда тез тиббий ёрдам хизматининг ўзига ёрдам керак

Бу масала ўтган ҳафта вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида муҳокама қилиниб, мавжуд камчиликлар муҳокама қилинган эди. Бироқ ўтган вақт мобайнида бирор мутасадди идора ва ташкилот камчиликларни келтириб чиқарган омиллар ва бартараф қилиш йўллари ҳамда режалар ҳақида муносабат билдирмади.

Хўш, бугун тез тиббий ёрдам хизмати талаб даражасидами? Афсуски, бу саволга ҳозирча “йўқ”, дейишдан бошқа жавоб бериб бўлмайди.

Тиббий бригадалар қанча?

Аҳоли сонидан келиб чиқиб, вилоятда 293 та тез тиббий ёрдам бригадаларининг бўлиши керак. Аммо бугун уларнинг сони 261 тани ташкил қилади. Бундан ташқари, 56 нафар врач етишмаслиги сабабли мавжуд 14 та тез тиббий ёрдам бригадалари ўрнига фельдшерлик бригадалари ташкил этилган. Демак, биргина шу рақамларнинг ўзи ҳамма қишлоқларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти йўқлигини кўрсатиб турибди.

Япониянинг тегишли мутасаддиси бош эгиб кечирим сўраганини кўпчилик яхши билади ( бу воқеани кўпчилик билгани учун батафсил тўхталмадик). Лекин вилоятнинг тегишли мутасаддилари бизда “фалон, фалон манзилларда тез тиббий ёрдам бригадалари ёки фельдшерлик бригадаларини тузиш учун мана булар йўқ”, дейишдан ўзларини тийиб туришибди.

Машиналар хизматга яроқлими?

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорида автомашиналардан фойдаланиш муддати ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Хусусан, қишлоқ ҳудудида 7, шаҳарда эса 8 йил хизмат кўрсатган машинадан тез тиббий ёрдам хизматида фойдаланилмаслик керак. Бизда-чи?

Тез тиббий ёрдам хизматидаги 15 та автомашина 15 йилдан, 69 таси эса 10 йилдан ва 17 таси 8 йилдан ортиқ фойдаланишда. Албатта, бу тез тиббий ёрдам хизмати сифатига таъсир қилмаслиги мумкин. Бироқ самарадорликни сусайтиради.

Шароит ва жиҳозлар етарлими?

Таҳлилларга кўра, тез тиббий ёрдам автомашиналарининг 22 фоизи электрокардиограф аппарати билан жиҳозланган. Ваҳоланки, бу ускуна барча тез тиббий ёрдам автомашиналарида бўлиши шарт.

Қўшработ ва Нарпай туманлари тез тиббий ёрдам бригадалари дори-дармон воситалари ҳамда боғлов материаллар солиб юриладиган махсус тиббий сумкалар билан таъминланмаган.

Мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги туфайли Ургут туманида 13 та, Каттақўрғон туманида 8 та, Жомбой, Қўшработ ва Паст Дарғом туманларида 6 тадан, Нарпай туманида 5 та тез тиббий ёрдам шохобчалари таъмирга муҳтож. Ачинарлиси, Жомбой, Паст Дарғом, Ургут, Оқдарё туманлари тез тиббий ёрдам бўлимлари жиддий таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

Нарпайда 10 та, Паст Дарғом, Жомбой, Нуробод, Пайариқ туманларида 7 тадан, Каттақўрғон туманида 5 та, Қўшработ, Ургут ва Пахтачи туманларида 3 тадан, Иштихон, Булунғур туманларида 1 та тез тиббий ёрдам шохобчалари ичимлик суви билан таъминланмаган.