Ҳавонинг ўзгариши сабаб “Тез ёрдам” хизматига чақириқ ошди

Кеча юртимизда кучли шамоллар туфайли мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодисалари кузатилганидан хабарингиз бор. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар ошди. 

Бу ҳолатнинг саломатлигимизга қандай салбий таъсири бор? Ундан кимлар ва қандай ҳимояланиши керак? 

Ушбу саволлар юзасидан Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разиқова маълумот берди.

- Бундай вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик зарур. Айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик коньюктивит, томоқ қичиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмасликлари керак. 

Чунки бундай ҳаво таркибида чанглар билан бирга ўсимлик чангчалари, замбуруғ споралари жуда катта концентрацияда бўлади. Шу боис хасталиклари бор кишилар шифокор маслаҳати билан аллергияга қарши дори воситалари дозаларини оширишлари лозим. 

Ним таъсир қилувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни чайиш, хоналарни ёпиқ сақлаш, ҳўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйиш зарур. 

Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади. 

Шунингдек, агар юртдошларимизда ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, бу билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, тезда аллерголог шифокорга мурожаат қилишлари лозим.

Маълумот учун: 3 ноябрь куни “Тез ёрдам” хизматига бўлган жами чақириқлар сони 3433 тани ташкил этган. Кеча, 4 ноябрь куни эса бу кўрсаткич 4082 тага етди. Шундан 678 таси бевосита нафас сиқиши билан боғлиқ мурожаатлардир. Ушбу беморларга шифокорлар томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, маълум қисми госпитализация қилинган.

Синоптиклар бугун ҳам айрим жойларда мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодиса кузатилишидан огоҳ қилган.