Пиёда юрган “тез тиббий ёрдам”
...Уйимизга бир неча чақирим келадиган поликлиникада тез тиббий ёрдам пункти ҳам бор эди. Уни тез тиббий ёрдам деб айтиш қанчалик тўғри, буни қуйидаги мисолимдан ҳам билиб оласиз.
Гап шундаки, кечаси онамнинг мазаси бўлмай қолди. Поликлиникага тез тиббий ёрдамни чақиришга бордим. Чироқ ўчган экан. Қоп-қоронғи йўлакдан телефонимнинг фонарини ёқиб, врачлар ўтирган хонани изладим. Уларни овозидан топдим, чеккароқ хонада, совуқдан дилдираб ўтиришган экан. Вазиятни тушунтирдим. Ўтирганлардан бири шифокор, бири ҳайдовчи эди. Онамнинг қаери оғриётгани, кейин қайси кўчада яшашимизни билгач, оғринибгина ўринларидан қўзғалишди (ахир шунча йўлни шу совуқда пиёда босиб ўтиш кимга ҳам ёқарди дейсиз). Ҳайдовчи ҳам бор эди-ку, деб ҳайратланманг. Ростдан ҳам ҳайдовчи бор-у, тез тиббий ёрдам машинасининг ўзи йўқ эди-да. Аксига олиб, мендаям автомобиль йўқ. Бемор ёнига тез тиббий ёрдам ходимлари билан қишда, лой кўчалардан пиёда бораётганимизни тасаввур қилиш сиз учун қийинроқдир. Лекин мен буни бошимдан ўтказганман.
Дарвоқе, бу узоқ ўтмишдаги воқеа эмас, 4 йил аввалги ҳолат.
Бугун тез тиббий ёрдам тизимидаги ўзгаришларни сезмаган киши бўлмаса керак. Айниқса, юқоридаги каби тез ёрдамни чақириш учун чироғию телефони бўлмаган тез ёрдам пунктидан шифокорларни пиёда олиб борган қаҳрамонимиз каби фуқаролар бу янгиликни ҳис қилмай иложи йўқ. Айтганча, бу воқеа қаерда содир бўлгани ҳақида қуйироқда айтиб ўтамиз.
Тўртта туманда шошилинч марказлар иш бошлайди
- Кейинги уч йилда айнан тез тиббий ёрдам тизимини ислоҳ қилиш учун Президентимизнинг бир неча қарорлари эълон қилинди, - дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали раҳбари ўринбосари Толиб Ўсаров. – Ушбу қарорлар билан тизимда катта ислоҳотлар олиб борилди. Тез тиббий ёрдамнинг асосий муаммоларидан бўлган автомобиллар сони кескин оширилди.
Ҳозирги кунда тез тиббий ёрдам тизимида 316 та транспорт воситаси мавжуд бўлиб, 220 та умумтармоқ тиббий бригадалар бор. Ушбу тизимда 1777 нафар шифокор, 2500 га яқин ўрта тиббиёт ходими фаолият кўрсатади.
Тиббий транспортлар ҳақида битта фарқни айтиб ўтишни истардим. Биргина Булунғур туманида 2016 йилда 4 та тиббий бригада фаолият кўрсатган бўлса, айни пайтда уларнинг сони 15 тани ташкил қилади. Ургут туманидаги 17 та тиббий бригада бугунги кунга келиб, 42 тага етди. Ҳар бир чақириққа сарфланадиган маблағ бир неча йил аввалгисидан уч баробарга ошган. Дори-дармон тури 44 тага етган.
2022 йилдан бошлаб вилоятдаги яна тўртта тумандаги шошилинч қабул бўлимлари негизида шошилинч ёрдам кўрсатиш марказлари ташкил этилади. Хусусан, Ургут, Булунғур, Пахтачи, Иштихон туманларида ташкил этилаётган ушбу марказларга айни пайтда МСКТ, рақамли рентген, гемодиализ каби асбоблар келтирилган. Яхши биласиз, шу пайтга қадар вилоятнинг қайси ҳудуди бўлишидан қатъи назар, шошилинч ёрдамга муҳтож беморлар вилоятда ягона бўлган республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига келишга мажбур бўлар эдилар. Тасаввур қилинг, ўнлаб километр нарида оғир аҳволга тушиб қолган беморга зудлик билан ёрдам кўрсатилиши лозим. Эндиликда юқорида номлари келтирилган туманларда ҳам шундай имконият яратилди, барча жиҳозлар тахт, шифокорлар қайта тайёрланди. Шу кунларда иш бошлаб қолади.
Тўрт дақиқа...
- 2022 йилда Самарқанд шаҳрида Call-марказ ташкил қилиниб, дастлаб фақат Самарқанд шаҳридаги, эндиликда вилоят миқёсида тез тиббий ёрдамга қўнғироқлар ушбу марказ орқали амалга оширилмоқда, - дейди Самарқанд шаҳридаги 2-сон тез тиббий ёрдам бўлими мудири Нодира Исаева. - Барча тез тиббий ёрдам бўлимлари ушбу марказга уланган бўлиб, махсус қурилмалар орқали ўша ҳудудга энг яқин бўлган тез тиббий ёрдам бригадаси юборилади. Ўз навбатида тез тиббий ёрдамнинг чақирувга бориш вақти кескин қисқарди. Шошилинч (яъни экстренный) чақириқлар халқаро қоидаларга кўра, 4 дақиқадан кечикмаслиги лозим. Айни кунда вилоятда тез тиббий ёрдам бригадалари сони ортгани туфайли бу нормага тўлиқ амал қилинмоқда. Бугунги кунда марказга бир кунда ўртача 4 минггача чақириқлар бўлмоқда.
Шунингдек, Корея билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимида симуляцион марказ ҳам ташкил қилиниб, айни кунгача мазкур марказда 64 нафар тез тиббий ёрдам ходими малака оширди.
Тез тиббий ёрдам бўлимлари учун энг сўнгги замонавий асбоблар билан жиҳозланган, реанимацион ҳолатдаги беморларга ёрдам кўрсатишга мўлжалланган 21 та “Форд” автомобиллари харид қилинди.
Барча тез тиббий ёрдам ходимлари планшет ва рация билан таъминланиб, оғир аҳволдаги беморнинг ҳолатини билиш, зарур бўлганда, мутахассислар билан маслаҳатлашиш имкониятига эга бўлади.
...”Яқинда яна онамнинг тоблари қочиб, тез тиббий ёрдамга мурожаат қилишимга тўғри келди. Ишониб, ишонмай “103” ни тердим. Зум ўтмай, қўнғироғимга жавоб беришди ва 10 дақиқада етиб келишди”, дейди юқорида бундан тўрт йил аввал тез тиббий ёрдам ходимлари билан пиёда уйига келган, Пайариқ тумани Оққўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи қаҳрамонимиз.
Шунинг ўзиям тизимдаги ўзгаришлардан далолат беради, назаримда.
Гулруҳ МЎМИНОВА.