Келгуси йил республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали (Хаваси) Қорасувга кўчади

Қорасув массивида республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалининг янги биноси қад ростламоқда. Бу ҳақда айни пайтда Самарқандда республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар учун ўтказилаётган пресс-турда маълум қилинди.

Таъкидланишича, вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ва “Самтиблойиҳа” МЧЖ томонидан қурилаётган янги бино 2022 йил март ойида фойдаланишга топширилади.

Мазкур бино 330 ўринга мўлжалланган бўлиб, оғир аҳволда ётқизиладиган беморлар учун 45 ўринли алоҳида реанимация бўлими мавжуд. Мазкур тиббиёт муассасасини қурилиш ва жиҳозлаш учун 108 миллиард сўм маблағ ажратилган.

- Бутунжаҳон тараққиёт банкининг шошилинч ёрдам ривожлантириш лойиҳаси асосида 3 513 300 АҚШ доллари ажратилган, - деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов. - Мазкур маблағга МСКТ, ангеограф, замонавий эндоскоплари, УТТ аппаратлари, лапороскоплар, лаборатория аппаратлари ва бошқа янги технология олиб келиш режалаштирилган.