Ўтган 6 ой давомида “Тез ёрдам”га 1752 та ёлғон чақириқ келган. Самарқандда эса 17 та рўйхатга олинган
Қайд этиш лозим, махсус хизматларни қасддан алдаб чақирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан (330 минг сўм) 3 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Тез тиббий ёрдам хизмати сифати, энг аввало, "103" бригадаларининг чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бориши билан белгиланади. Аммо фуқаролардан баъзан “Тез ёрдам” автомашиналари бемор олдига кечикиб боргани ҳақидаги эътирозлар билдирилади. Бунга айрим ҳолларда ёлғон чақириқлар сабаб бўлади.
Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуровнинг айтишича, жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида “103” хизматига жами 1752 та ёлғон чақириқ келиб тушган.
Таҳлилларга кўра, январь-июнь ойларида энг кўп ёлғон чақириқ Тошкент вилоятида кузатилиб, 325 тани ташкил этган. Кейинги ўринда Фарғона (284 та) ва Қашқадарё вилояти (248 та) қайд этилган.
Энг кам ёлғон чақириқ эса Самарқанд вилоятида.
Дарвоқе, 2022 йил давомида тез тиббий ёрдамга энг кам ёлғон чақириқ Жиззах вилоятида қайд этилган.