Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги ноқонуний қурилишлар ҳақида журналистларга маълумот берилди

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ва судлар раислари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ноқонуний қурилишлар масаласи муҳокама этилди.

Дастлаб, Самарқанд вилояти прокурори ўринбосари С.Усмонов ушбу йўналишда қонун устуворлигини таъминлаш ва аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида маълумот берди.

Таъкидландики, 2018 йилда Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига кўра тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд шаҳрининг тарихий ва буфер зоналарида хатлов ўтказилди. Ушбу жараёнда қурилиш ишлари олиб борилаётган 159 объектда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Хатлов натижалари бўйича республика комиссияси хулосасига кўра 17 объектни тўлиқ ёки қисман бузиш белгиланди ва тегишли тартибда судларга даъво аризалари киритилди. Мазкур объектларнинг аксарияти бўйича суд қарорлари чиқарилиб, ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, вилоят миқёсида ҳал этилиши лозим деб топилган 141 та объектнинг 12 таси белгиланган меъёрдан четга чиққан. 129 тасининг фасад қисмини Маданият вазирлиги билан келишиш лозимлиги қайд этилди. Ушбу объектлар бўйича ҳам қайтадан лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, шаҳарсозлик кенгашида кўриб чиқилди. Шундан 116 та объектнинг лойиҳа таклифи маъқулланган, 9 таси рад этилган.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар ҳокимининг қурилиш учун ер майдони ажратиш бўйича 19 та қарорига нисбатан протест киритилган ва бекор қилинган.

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилган ва аҳолининг эътирозларига сабаб бўлган “Афросиёб Хосият бегим макони” қурилиш фирмасининг Самарқанд шаҳрида ноқонуний равишда кўп қаватли уйлар қуриш учун фуқаролардан кўп миқдорда пул маблағлари олиши юзасидан 2018 йил декабрда корхона раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилган.

Хатлов натижасига кўра, ушбу қурилиш ташкилоти томонидан Даҳбед кўчасида қурилган 161 та, Мироншоҳ кўчасидаги 25 та хонадон бузилиши режалаштирилган. Бунинг оқибатида фуқароларга 44 миллиард сўм зарар етиши ҳисобланган. Етказилган зарарни қоплаш мақсадида мазкур корхона ва унинг мансабдор шахсларига тегишли бўлган 20 миллиард 600 миллион сўмлик мол-мулк хатланган.

Матбуот анжуманида Самарқанд тумани Қорасув массивида Самарқанд вилоят давлат ўрмон хўжалигининг “Даҳбед-1” участкаси ҳудудидаги ер майдонларининг фуқароларга ноқонуний сотиб юборилгани юзасидан ҳам маълумот берилди.

Қайд этилишича, ўрмон хўжалиги томонидан мазкур ҳудуддан 116 нафар фуқарога боғдорчилик ва узумчилик хўжалиги ташкил этиш учун 9,5 гектар ер майдони ажратилган. Аммо фуқаролар бу ерда ўзбошимчалик билан уй-жой қурган. 7 нафар фуқаро эса 87 сотих ерни қонунга зид равишда эгаллаб олган. Шунингдек, Самарқанд тумани ҳокимининг қарори билан ажратилган ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларида 123 фуқаронинг 21 нафари уй-жой қурган, 62 нафари девор билан ўраб олган, 23 нафари пойдевор қўйган. Мазкур ҳолатлар бўйича Самарқанд тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган ва вилоят давлат ўрмон хўжалиги ушбу уй-жойлар ва ноқонуний қурилмаларни бузиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризалари киритган. Ҳозирда мазкур даъво аризалари асосида 119 та суд буйруғи чиқарилиб, ноқонуний қурилишлар бузилмоқда.

Ушбу ҳудуддан Самарқанд тумани ҳокимининг қарори билан 42 нафар ва ўрмон хўжалиги раҳбарлари қарори билан 4 нафар тадбиркорлик субъектларига жами 38,5 гектар ер ноқонуний ажратилгани аниқланди.

Ўрганишлар жараёнида 19 ҳолатда вилоят давлат ўрмон хўжалигининг собиқ раҳбарлари томонидан 143 минг 500 долларга ер майдонлари сотилганлигини аниқланиб, фуқароларга етказилган зарар ундириб берилди.

Матбуот анжуманида журналистларнинг Самарқанд шаҳрида хатлов натижасида аниқланган объектларда ҳамон қурилиш ишлари давом этаётгани, янги қурилишлардаги қонунга зид ҳолатлар, қурилиш ишларининг сифатсизлиги ва шаҳарсозлик меъёрларига мос келмаслигига оид саволларига ҳуқуқ-тартибот органлари масъул ходимлари ва мутасаддилар батафсил жавоб берди.

Савол-жавоблар давомида қурилиш учун ер майдони ажратиш, кўп қаватли уйлар қурилишида ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучатириш зарурлиги таъкидланди.

Ғ.ҲАСАНОВ.