Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанднинг 6 туманида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ошган

Жорий йилда вояга етмаганлар томонидан 18 та жиноятлар содир этилиб, ўтган йилга нисбатан жиноятчилик 21,7 фоизга камайган. Бироқ назоратсизлик, каровсизлик, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш бўйича етарлича чоралар кўрилмаганлиги оқибатида айрим ҳудудларда вояга етмаганлар томонидан ўтган йилга нисбатан кўп жиноятлар содир этилган.

Хусусан, Иштихон (0/1), Нарпай (1/2), Нуробод (0/1), Қўшработ (0/1) ва Самарқанд (1/2) ва Тойлоқ туманларда (1/3) вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар ошган.

Юқорида қайд қилинган жиноятларда 27 (21) нафар вояга етмаганлар иштирок этган бўлиб, уларнинг 26 нафари мактаб ўқувчилари ҳисобланади.

Жиноятларнинг 1 таси оғир тан жароҳати етказиш, 1 таси безорилик, 12 таси ўғирлик ва 4 таси бошқа турдаги жиноятлардир.

Мисол учун, жорий йил 12 март куни соат 17:00да Ургут туман Чоштепа қишлоғида яшовчи Ё.Авазовга маҳалладоши Д.Норқулов ўзаро келишмовчилик натижасида оғир тан жароҳати етказган.

Шунингдек, 17 май куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари томонидан ўтказилган тадбирда вояга етмаган О.Эргашев тадбирга жалб қилинган Камола исмли шахсга 1,55 грамм озгинадан кўпроқ миқдордаги қуруқ ҳолдаги марихуана гиёҳвандлик воситасини 600 минг сўмга сотган вақтида ушланган.

Албатта, вилоятда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, улар томонидан қайта ёки такроран жиноят содир этилишига йўл қўймаслик юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, вилоят прокуратураси ташаббуси билан вилоятдаги 4 та сектор ва бошқа тегишли ташкилот раҳбарлари томонидан тасдиқланган “Самарқанд вилоятида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш жараёнларини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан 2020 йилга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Мазкур дастурда белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш ҳамда вояга етмаганлар жиноятчилигининг барвақт олдини олиш ва профилактика қилиш мақсадида таълим муассасаларида “Барчаси ўз қўлингда”, “Келинг, дўст бўламиз!” “Ёшлар коррупцияга қарши” каби мавзуларда 600 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди.

Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни содир этишга мойил бўлган вояга етмаганларни руҳан соғломлаштириш мақсадида барча таълим муассасаларида прокуратура, ички ишлар, психологлар, диний идора вакиллари, маҳалла, “Ёшлар иттифоқи”, таълим тизими вакиллари томонидан жами 250 маротаба тарғибот тадбирлари, 3057 марта профилактик суҳбатлар ўтказилди.

 

Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати.