Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанднинг саноати орқада қолаётган туманларида 1,9 триллион сўмлик 137 та лойиҳа ишга туширилади

Вилоятимизда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 93,4 миллиард сўмлик 34 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда Матбуот уйида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Ж.Ўроқовнинг қайд этишича, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йил якуни билан 16,6  триллион сўм ёки ўтган йилга нисбатан 102,1 фоиз ўсиши кутилмоқда. Шундан, ишга тушган 53 та янги лойиҳа ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми 285,1 миллиард сўмга ошади, қувватлардан тўлиқ фойдаланилмаётган 170 та корхона ҳисобидан 612 миллиард сўм қўшилади. Кичик саноат зоналарида ишга тушган 60 та янги лойиҳа ҳисобига 245,7 миллиард сўмга кўпаяди.

Шунингдек, (Каттақўрғон шаҳри, Ургут, Тойлоқ, Жомбой, Пайариқ, Самарқанд туманлари) 73 гектар майдонда янги ташкил этилган 6 та кичик саноат зонасида 241 та лотга саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳа таклифлари жойлаштирилиши бошланди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасида 49 та янги ишга тушган лойиҳа ҳисобидан 646,2 миллиард сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш кутилмоқда.

Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан ишга туширилган 3 та янги лойиҳа эвазига 948,5 миллиард сўмлик қўшимча ҳажм яратилади.

Саноати орқада қолаётган Каттақўрғон шаҳар, Қўшработ, Нуробод, Пайариқ ва Пахтачи туманларида умумий қиймати 1,9 триллион сўмлик 137 та, шундан 2020 йилда умумий қиймати 415,3 миллиард сўмлик 65 та лойиҳа ишга туширилади. Ушбу лойиҳалар ҳисобига йил якунига ишлаб чиқариш ҳажми 105,1 миллиард сўмга ошади.

Бундан ташқари, йил якунига қадар маҳсулот сотиш ҳажмини пасайтирган 962 та корхонага кўмак берилади.

Инвестиция дастурига асосан йил якунига қадар қиймати 148 миллион доллар бўлган 13 та йирик инвестиция лойиҳасини ишга тушириш чоралари кўрилади. Жумладан:

- "Мароқанд цемент инвест" цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш.

- “Самарқанд Металл Комбинат" металл рулонларни қайта ишлаш.

Ҳозиргача вилоятдаги 163 та бўш турган давлат мулки объектларининг 154 тасини фаолияти тикланган. Қолган 9 таси бўйича ишлар олиб борилмоқда.