Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамДУ доценти Нидерландияда ўзбек тилида маъруза қилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида Самарқанд давлат университети дунёдаги нуфузли 500 талик олий ўқув даргоҳлари қаторидан жой олиши белгиланди.

Айни пайтда университет дунёнинг 70 дан зиёд мамлакатлари олий ўқув даргоҳлари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатган. Масалан, шу кунларда университетнинг тарих факультети декани, доцент Дилфуза Жўрақулова Нидерландиянинг Лейден университетида ўзаро тажриба алмашмоқда.

– Лейден университетига ташрифим сабаби ҳар иккала олий таълим муассасасининг ўзаро яқин алоқада бўлганлигида, - деди Д.Жўрақулова телефондаги мулоқотда. – Ўтган йили ушбу голланд университетининг икки нафар талабаси факультетимизда ўзаро келишилган алмашинув дастури асосида 6 ой мобайнида таҳсил олиб қайтгани бу ерга келишимга имкон яратди.

Нидерландиянинг Лейден университети менда ўзгача таассурот қолдирди. Марказий Осиё тарихи ва маданиятига хорижлик талабаларнинг қизиқиши бениҳоя чексиз. Жаҳоннинг бир қанча мамлакатларидан келиб, бу ерда таҳсил олаётган магистр ва докторантларга ўзбек тилида маъруза ўқидим. Жараёнларда туркшунос докторант Нажот Муҳаммад таржимонлик қилди. Рус тилидаги маърузаларимни Марказий Осиё тарихи ва маданияти бўлимининг етакчи мутахассиси, доктор Елена Паскалёва изоҳлади.

Тингловчиларга Ўзбекистон, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд ҳақидаги тарихий маълумотлар жуда ёқди. Хорижлик талабаларнинг Ўзбекистонга келиш истагини билдириб, ўзбек тилида миннатдорчилик билдирган такаллуфидан бошим осмонга етди.

Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ,
СамДУ матбуот котиби.