Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Санкт-Петербургда жасади топилган ўзбекистонлик ҳақида расмий маълумот берилди

Мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги (Россия) бош консулхонаси 2019 йилнинг 14 сентябрь куни шаҳардаги овқатланиш пунктларидан бирининг омборида Ўзбекистон фуқароси Б.Х.нинг жасади топилгани тўғрисида қатор ОАВлар тарқатган хабарни тасдиқлади. Полиция ўлимга пичоқдан олинган жароҳат сабаб бўлганини маълум қилди. Айни пайтда терговгача бўлган тадбирлар олиб борилмоқда.

Бош консулхона вазиятни назоратга олди, Санкт-Петербург шаҳрининг тергов органлари билан доимий алоқа ўрнатди ҳамда марҳумнинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалалар билан шуғулланмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради. Эслатиб ўтадики, Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангельск вилояти, Калининград вилояти, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград вилояти, Мурманск вилояти, Ненетс автоном округи, Новгород вилояти, Псков вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Вологда вилояти) ҳудудида жойлашган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49.