Москва ва Санкт-Петербург аэропортларида терактларга қарши тайёргарлик кўрилмоқда

Москванинг Шереметево, Домодедово ва Внуково аэропортларида терактлар хавфининг максимал даражаси жорий этилди. Бу ҳақда бугун «Ространснадзор»нинг авиакомпаниялар ва аэропортларга йўллаган хатига таяниб “Известия” хабар бермоқда.

“2022 йил 10 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб террористик хусусиятга эга бўлган транспорт комплекси фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳаракати содир этиш билан бевосита таҳдид қилиш даражаси белгилансин”, дейилади ҳужжатда.

«Ространснадзор» аэропортлар энди қўшимча хавфсизлик чораларини кўриши, йўловчиларни кўрикдан ўтказиш узоқроқ давом этиши, багаж эса синчиклаб текширилиши ҳақида хабар берди.

“Йўловчилар назорат-ўтказиш пунктларида юзага келиши мумкин бўлган навбатларга тайёрланиши керак”, деб ёзади газета.

“Террорчилик хуружлари таҳдиди” туфайли аэропортлардан учаётган авиалайнерларнинг стюардлари самолёт бортида йўловчилар хатти-ҳаракатларига эътиборни кучайтиради. Шунингдек, экипаж аъзолари ҳожатхонадаги барча тортма ва шкаф, арава ва ярим аравалар, контейнерлар, хизмат кўрсатиш бўлимлари, қутқарув жилетлари сақланадиган жойларни жиддий текширади.