Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шавкат Мирзиёев 5Gни жорий этишни тезлаштирмоқчи. Бу қандай технология ўзи?

Президент Шавкат Мирзиёев Хитойда “Huawei” компанияси инновациялар марказига ташрифи чоғида Ўзбекистонда ҳам тезроқ 5G технологиясини жорий этиш кераклигини айтган, деб ёзмоқда minbar.uz.

Президент назарда тутган технология нима ўзи ва нега керак?

5G мобил тармоқларнинг энг охирги авлоди бўлиб, тезлиги, ишончлилиги, барқарор ишлаши билан 4Gдан тубдан фарқ қилади.

Бу нега керак: бугунги кунда мобил тармоқларнинг сифатига бўлган талаб тобора ортиб боряпти. Тармоқлар билан ишловчи қурилмалар – қўл телефонидан тортиб дронларгача кўпайиб бориши битта тармоққа бир пайтда кўплаб қурилмаларнинг уланиши заруратини пайдо қилади.

Мавжуд 4G қурилмалари эса ошиб бораётган талабга жавоб бермай қолаяпти.

5G тармоғида бошқача турдаги антенналар ҳисобига кўпроқ қурилмани улаш мумкин, ахборот узатишда кечикишларни қисқартиради ва ахборотни анча юқори тезликда узатади.

5G тармоғи 4G тармоғидан нимаси билан фарқли:

  • Маълумотларни анча тез узатиш билан фарқли.5G тармоғи юқори частотада ишлагани боис 4G тармоғига нисбатан 20 баробар тезроқ ишлайди. Масалан, 4G тармоғи сониясига 45 Мб маълумот узатса, 5Gда бу кўрсатгич 1 Гбга (назарияда эса бир неча ўн гигабитга) чиқади. Бу юқори сифатли ва катта ҳажмли битта фильмни унда бир сониядан ҳам камроқ вақтда кўчириб олиш мумкин дегани! Ҳозир амалда бўлган 4G тармоғида эса бунга тахминан 10 дақиқа вақт керак бўлади.
  • Ахборот узатишда кечикишлар анча қисқаради. Бу саноат ва ҳайдовчисиз машиналар учун айниқса муҳим. Масалан, 5G тармоғига уланган ҳайдовчисиз машина аварияга учраса бу ҳодиса ҳақидаги маълумот дарҳол унинг ортидан келаётган ҳайдовчисиз машинага узатилади ва у тўхтайди. Агар бу машиналар 4Gга уланганда иккинчи машина тўхташга улгурмас эди.
  • Тармоққа кўпроқ қурилмалар уланади, лекин тезлик барқарор қолаверади. "Буюмлар интернети" (соатлар, симсиз термостатлар, ўйин консоллари, хавфсизлик камералари, "ақлли уй" каби тизимлар) кейинги 10 йилда геометрик ўсиши ва тармоқларга миллиардлаб гаджетлар уланиши кутилмоқда. 5G технологияси мана шуларнинг уддасидан чиқишга ёрдам беради.

Лекин....

  • 4G тармоқлари маълумотни секин бўлса-да, аммо узоқроққа етказа олади. Бу тармоқнинг антенналарини бир-биридан узоқроқ масофага ўрнатиш мумкин. 5G тармоқлари учун эса кўпроқ антенна ўрнатилади. Чунки бу тармоқ яқинроқ масофада яхшироқ ишлайди. Антенналарнинг бир-биридан узоқ бўлиши алоқада тутилишларга сабаб бўлиши мумкин. 
    Шунинг учун 5G технологияси асосан шаҳарлар, мегаполислар учундир. Яъни қурилмалар бир-бирига яқин бўлган шароит учун қулай.

Ўзбекистонда қачон 5G тармоғи ишга тушиши мумкин?

Ҳамма қурилмалар ҳам 5G тармоғига мослаштирилмаган. Шу боис янги тармоқни ўрнатиш фойдаланувчилар учун ҳам, хизмат кўрсатувчилар учун ҳам ортиқча сарф-харажатга сабаб бўлади. Хусусан, Лондон шаҳрида бу технологияга ўтиш 9 млрд доллардан кўпроқ маблағ талаб қилар экан. Шу ва юқорида айтиб ўтилган баъзи технологик чекловларни ҳисобга олсак:

  • Ўзбекистон шароитида – ҳали 4G ҳам бир меъёрда ишламайдиган ҳудудларда ундан-да юқори технологиянинг жорий этилишини яқин орада кутмасак ҳам бўлади.

Бу технология Ўзбекистонга кириб келгандан сўнг анча вақт фақатгина Тошкент, Самарқанд каби бир-иккита катта шаҳарлар билан кифояланиб қолиши мумкин.