Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Солиқ аудити неча кун ўтказилади?

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакатимиз солиқ тизимида бир қатор янгиликлар жорий этилди. Масалан, 13 та солиқ назорати шакллари 3 тага туширилди. Жумладан, амалиётга биринчи марта солиқ аудити татбиқ қилинди.

Муайян давр учун солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг тўғрилигини текшириш солиқ аудити ҳисобланади. Таъкидлаш лозимки, солиқ аудити солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчига (солиқ агентига) нисбатан ўтказилади.

Солиқ органлари солиқ аудити ўтказилиши бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборади.

Солиқ тўловчи хабардор этилмасдан солиқ аудити ўтказилиши мумкинми? Албатта, мумкин. Агар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса, солиқ органи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда солиқ тўловчини олдиндан хабардор этмасдан солиқ аудитини бошлашга ҳақли.

Йирик солиқ тўловчилар тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларнинг солиқ аудити йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан инспекция бошлиғининг (инспекция бошлиғи ўринбосарининг) буйруғи асосида амалга оширилади. Солиқ аудитида иштирок этиш учун бошқа солиқ органларининг мансабдор шахслари жалб этилиши мумкин. Солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи билан уни ўтказиш дастури ҳам тасдиқланади.

Солиқ кодексининг 143-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ аудити фақат кодекснинг 88-моддасида белгиланган даъво қилиш муддати ўтмаган охирги солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олиши мумкин. Солиқ тўловчи ихтиёрий равишда тугатилаётганда солиқ аудити, солиқ тўловчининг бевосита солиқ аудити ўтказилаётган йилдан олдинги уч йилдан кўп бўлмаган фаолиятини қамраб олиши мумкинлигини таъкидлаш керак. Солиқ аудити ўтказилаётган даврда текширилаётган даврнинг солиқ ҳисоботига солиқ тўловчи томонидан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди. Солиқ аудити ўттиз кундан ортиқ давом этмайди. Бироқ Солиқ кодексининг 142-моддасига асосан ушбу муддат икки ойгача, алоҳида ҳолларда эса уч ойгача узайтирилиши мумкин.

Солиқ аудитини ўтказиш бўйича чекловлар мавжудми? Солиқ органлари солиқ тўловчининг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас. Лекин бундан солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно. Янги ҳолатлар аниқланган тақдирда солиқ органи такрорий солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқига эга.

Умид АЛИМОВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.