Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Спорт медицинаси масалалари МДҲ олимлари иштирокида Самарқандда муҳокама этилди

Самарқанд медицина институти клиникасида “Врачлар ва тренерлар: биргаликда соғлом турмуш тарзи сари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилмоқда.

Самарқанд медицина институти ректори А.Шамсиев олиб борган конференция ишида республикамизнинг етакчи олимлари, МДҲ давлатларининг спорт медицинаси бўйича таниқли мутахассислари иштирок этмоқда.

Меҳмонлар дастлаб Самарқанд медицина институти билан яқиндан танишди. У ерда талабалар учун яратилган шароитлар ва институт тарихи музейини томоша қилди.

-  Конференцияда спорт тиббиётининг турли соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, спорт турларининг хусусияти, йўл қўйиладиган жисмоний юклама, спорт паталогиясини даволаш ва олдини олишнинг илғор услублари хусусида сўз юритилди, - дейди Республика спорт медицинаси илмий-амалий марказининг илмий ишлар бўйича бош врачи Искандар Мавлонов. – Шунингдек, мусобақаларга тайёрлашда дори воситаларининг, овқатланиш тартиби ва рационини спортчиларнинг физиологик ҳолатига таъсирини тадқиқ этиш, антидопинг назоратининг самарали тизимини, спортда фармакологик таъсирга эга бўлган дори-дармон ва бошқа воситаларнинг қўлланишини назорат қилиш услубларини ишлаб чиқишда жаҳон ва Ўзбекистон тажрибаси билан ўртоқлашдик. Шунингдек, спорт жароҳатларини тиббиёт муассасалари, даволаш-диагностика базаларида олдини олиш, диагностика қилиш ва даволаш каби масалалар кенг муҳокама этилди.

  

Мутахассислар куннинг иккинчи ярмида гуруҳларга бўлинган ҳолда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган спорт мактабларида спортчиларга кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати, уларда допинг истеъмол қилинганлик хавфини аниқлаш, спортчиларни тайёрлашда тиббий биологик таъминлаш масалаларига режали ёндашиш, футбол-гимнастикани қўллаш орқали эшитишда нуқсони бор ўқувчиларда жисмоний маданиятни шакллантириш каби қатор масалалар бўйича иш олиб борди.

Конференция иши эртага 17 май куни ҳам давом этиб, мутахассислар тиббиёт институти талабалари билан маҳорат машғулотларини олиб боради.

Тадбирнинг очилиш маросимида Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.

Ҳусан Элтоев.

А.Харитонов олган суратлар.