Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Суд солиқ инспекциясининг даъвосини рад этди ва қўшма корхона 439 миллион сўм молиявий жарима тўламайдиган бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи ходимлари томонидан Жомбой туманида масъулияти чекланган жамият сифатида фаолият юритувчи “Bmax Paints” қўшма корхонаси раҳбари У.Ражабовнинг  корхонага нисбатан туман давлат солиқ инспекцияси томонидан 439 024 080 сўм молиявий жарима қўлланилганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, Жомбой туман давлат солиқ инспекцияси томонидан 2018 йил 19 декабрь куни камерал назорат асосида “Bmax Paints” қўшма корхонасига Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низом”нинг 17-бандига мувофиқ 439 024 000 сўм молиявий жарима қўлланилган.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 1-бандига 2019 йил 1 январдан бошлаб давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар контрагентлари билан ўзаро муносабатларда кечиктирилган дебиторлик қарзлар учун санкцияларларни қўллаш тартиби бекор қилинган, – дейди Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи бош инспектори в.б. Жасур Турсунов. - Бироқ шунга қарамай, 2019 йил 1 май куни Жомбой тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низом” талабларига мувофиқ “Bmax Paints” қўшма корхонасидан 439 024 000 сўм молиявий жарима ундиришни сўраб Жомбой туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилган.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тавофут бўлган тақдирда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади. Шунингдек, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади.

Шунга кўра, вакил девони ходимлари корхона манфаатини кўзлаб суд жараёнида иштирок этди ва Жомбой туман ДСИнинг МЧЖ шаклидаги “Bmax Paints” қўшма корхонасига нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги аризаси асоссиз эканлиги хусусида фикрнома берилди ва ушбу фикрнома суд томонидан инобатга олиниб, Жомбой туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 10 июндаги қарори билан Жомбой туман ДСИнинг даъвоси рад қилинди.