Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тарихда ҳам байроқни энг ишончли баҳодирлар қўриқлаган

Яқинда мамлакатимиз суверенитетининг рамзларидан бири – мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигига 28 йил тўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон деган давлат борлигини англатади.

Шу ўринда тарихга бир назар ташласак, Давлат байроғи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради. Умуман, давлатчилигимиз тарихининг қайси босқичига назар ташламайлик, байроқ қадим-қадимдан халқлар учун мустақиллик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Буюк аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраган.

Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарган. Байроқ остида буюк эл бирлаштирилиб, у барпо этган улуғ салтанатни бугунги кунда бутун дунё тан олиб келмоқда. Бу давр ватан тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилиб, байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди.

Манбаларга кўра, ўша даврда жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида байроқнинг жанг майдонлари узра баланд ҳилпираб туриши таъминланган. Байроқ энг ишончли баҳодирлар томонидан қўриқланган.

Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида 1992 йилнинг 2 мартидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида байроғимиз ҳилпирай бошлади. Мана, қарийб йигирма саккиз йилдирки, у халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 2-3-моддаларида таъкидланганидек, давлатимиз байроғи суверенитетимиз рамзи ҳисобланиб, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.

Шунингдек, қонуннинг 13-моддасига кўра, фуқароларимиз, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар давлатимиз байроғини ҳурмат қилишлари шарт. “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор бўлган шахсларга белгиланган тартибда (Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 203(1)-моддаси ва Жиноят кодексининг 215-моддаси) жавобгарлик чоралари кўрилади.

Шундай экан, ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсолларидан бири бўлган байроғимизни улуғлаш ва ардоқлаш ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Баҳодир ҚАРШИЕВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бош юрисконсульти.