Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тарихнинг жумбоқли ҳодисалари: Ғаройиб метеорит воқеаси, Дятлов гуруҳининг фожиали ўлими сабаблари нимада?

Инсоният тарихида кўплаб сирли ҳодисалар содир бўлганки, уларнинг аксарияти ҳалигача жумбоқ бўлиб келмоқда. Айниқса, Йети, яъни Қор одам ҳақида минглаб мақола ва китоблар ёзилганига қарамасдан, ҳалигача унинг борлигини фанда исботлай олишмаяпти. Минглаб изтопарлар инсон қадами етмаган жойлар бўйича изғиб, номи бору ўзи йўқ Йетини излаб сарсон бўлишмоқда. Бироқ ҳозиргача номаълумлигича қолаётган сирли воқеа-ҳодисалар жуда кўп.

Тунгус метеорити сири

1908 йил 30 июнь куни эрта тонгда Марказий Сибир тепасидан оловли шар учиб ўтди. Орадан бир неча сония ўтгач, содир этилган қаттиқ портлаш минглаб километр масофадаги дов-дарахтларни ерга ётқизиб ташлади. Ҳатто, олис қишлоқлардаги уйларнинг деразалари синиб тушди. Юраклари ёрилиб, уйларидан қочиб чиққан қишлоқ аҳолиси қулоқларни қоматга келтирган портлаш овозини эшитгач, охир замон келди, деб ўйлашди. Айниқса, осмондаги булутларнинг кумуш рангга кирганини кўришгач, бунга ишончлари комил эди.

Хўш, аслида нима воқеа содир бўлган эди: табиат ҳодисасими ёки ўзга сайёраликларнинг ҳужуми? Ростдан ҳам юз йилдан буён метеорит, деб ўйлаганимиз бошқа нарса бўлиб чиқса-чи?

Инсоният тарихида ўз изини қолдирган мазкур ғаройиб ҳодиса 1920 йилга келибгина олимлар томонидан ўрганила бошланди. Экспедиция аъзоларининг ўрганишлари натижасида на метеорит келиб тушган кратер, яъни чуқурликни топишди, на ўзга сайёраликлар кемасининг қолдиқларини кўришди. Бу номаълум оловли шар инсон қадами тегмаган Подкаменная кўли устида портлаган кўринади.

Италиялик олимларнинг фикрича, метеорит тушган кратер ўрнида Чеко кўли пайдо бўлган. Чунки мазкур кўл XX аср бошларида пайдо бўлган бўлиб, унинг туби конуссимон. Хуллас, бу фақат тахмин. Аммо Тунгус феномени ҳалигача ўз изоҳини топгани йўқ.

Табиат ҳодисалари ишқибозлари кўлдан 60 километр узоқликдаги Ванавара қишлоғига келиб аҳоли билан учрашади. Ғаройиб метеорит воқеаси тафсилотлари билан танишади.

Дятлов гуруҳининг жумбоқли тақдири

Бу ҳалокат ҳақида бир нечта китоблар ёзилиб, кинофильмлар ишланган бўлса-да, бироқ гуруҳ аъзоларининг фожиали тарзда ҳалок бўлганига нима сабаб эканлиги ҳамон аниқ эмас.

1959 йилнинг январ ойида тажрибали спортчи Дятлов раҳбарлигидаги ўн кишилик гуруҳ Шимолий Урал тоғларини забт этиш учун йўлга чиқади. Слободин, Колмогорова, Кривонищенко, Дорошенко, Золоторев, Дубинина, Тибо-Бриоль, Колеватов ва Юдин каби тадқиқотчи талабалар йўл тадоригини кўраётган вақтда тўсатдан Юдиннинг саломатлиги ёмонлашгани сабабли гуруҳдан ажралишига тўғри келади. Қолган воқеалар ривожини саёҳатчиларнинг кундаликлари асосида тиклаб чиқишди.

12 февралда Дятлов гуруҳи белгиланган маррага етиб келиши керак эди. Аммо улардан дарак бўлмади. Безовта бўлган ташкилотчилар бир неча кун уларнинг келишини кутиб туришди. Сайёҳлар келишмагач, қидирув ишлари бошланди. Фақатгина 25 февралга келиб, гуруҳ аъзолари яшаган манзил топилди. Нима учундир улар яшаган палатканинг эшиги бўлса-да, орқа томондан қирқиб очилган эди. Бу ерда топилган сайёҳларнинг юк қоплари, иссиқ кийимлари, болта, озиқ-овқат, ёзув дафтарлари ва фотоаппаратларига тегинилмаган.

Кейинги куни манзилдан 1,5 километр узоқликдан гуруҳ аъзолари Дорошенко ва Кривонищенконинг қип-яланғоч ҳолдаги жонсиз таналари топилди. Улардан яна 300 метр юқоридаги баланд кедр дарахти ёнидан гуруҳ раҳбари Дятловнинг танаси топилди. Шу куни кечга бориб қалин қор остидан оёқ кийимсиз ҳолатдаги Колмогорованинг танаси ковлаб олинди.

Хўш, сайёҳларнинг фожиали ҳалокатига нима сабаб бўлган? Улар қотиллик қурбоними ёки ёввойи ҳайвонларга дуч келишганми? Балки қалин ўрмонларда яшириниб юрган қароқчилар ҳужум қилишдимикан? Ўша даврда бу каби ўнлаб саволларга жавоб топиш жуда мураккаб эди.

Қор қалинлиги учун қидириш ишлари вақтинча тўхтатилди. Ниҳоят, март ойига келиб, қор бироз эригач, гуруҳ аъзоси Рустем Слободиннинг танаси топилди. У Колмагорова топилган жойдан 150 метр нарида ётарди. Экспертлар барча сайёҳлар кедр дарахти томондан эмаклаб бўлса-да, манзилгоҳ томонга интилишганини аниқлашди. Бироқ шу йўлда барчаси тасодифий ҳолатда ҳалок бўлишган.

Қолган тўрт сайёҳнинг танаси фақат май ойига келиб топилди. Қидирув ишлари якунланиб, тергов ишлари бошланди. Дастлабки тергов натижалари палатка ташқаридан эмас, балки ичкаридан қирқиб очилганлигини кўрсатди. Экспертиза хулосалари қотиллик ҳақидаги фаразларни рад қилиб, сайёҳлар қаттиқ совуқдан ҳалок бўлганини аниқлашди. Бироқ топилган айрим кийим-кечакларда номаълум радиоактив нурлар изи борлигига терговчилар эътибор қаратишмади.

Шу атрофда яшовчи маҳаллий аҳоли суриштирилганида ўша машъум тунда осмонда ёнувчи шарлар учиб юрганини кўришганини айтишган. Бироқ мутахассислар уларнинг бу сайёҳлар ҳалокатига алоқаси борлигини ҳам рад этишди.

Тергов жараёнлари сайёҳларнинг тўсатдан палаткани ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлишганини кўрсатди. Шошилинчда улар қалинроқ кийинишга ҳам улгуришмаган, шунингдек, улар эшикдан эмас, балки палатканинг орқа томонидан тешик очиб қочиб чиқишган. Атрофда бегона излар топилмаганлиги туфайли сайёҳлар қандайдир бир номаълум кучлар томонидан таъқиб қилинган.

Бироз вақтдан сўнг ўтказилган такрорий экспертизаларда айрим гуруҳ аъзолари танасидан топилган жиддий жароҳат излари юқори портлаш кучи сабабли етказилганлигини кўрсатди. Бироқ бу фараз ҳам ҳукумат комиссияси томонидан тан олинмади. Хуллас, 1959 йилнинг май ойига келиб мазкур ишда жиноят излари бўлмаганлиги сабабли ёпилди.

Йиллар ўтиб, терговчиларнинг бу жумбоқли, сирли жиноятни фош этишда қатор хатоликларга йўл қўйилганликлари маълум бўлди. Дятлов сайёҳлик гуруҳининг ҳалокати ҳақидаги тахминлар 60 йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, ҳануз олим ва мутахассислар учун бош оғриғи ҳисобланади. Тахминлар орасида гуруҳнинг ўзга сайёраликлар ҳужумига учрагани, ҳатто, Йетига дуч келиб қолишгани, ҳақидаги фаразлар ҳам йўқ эмас.

Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.