Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургут туман ҳокими Маматжон ТУРДИЕВ: “Муаммосини ҳал қилиб бердик, аммо...”

Кейинги пайтларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, фуқаролар муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топиш раҳбарларнинг асосий вазифаларидан бирига айланди. Натижада, одамларни қийнаб келаётган муаммолар қисқа фурсатда ижобий ҳал этилмоқда. Бироқ, гуруч кўрмаксиз бўлмайди, деганларидек, айрим мурожаатчиларнинг истак-хоҳишининг чегараси йўқ.

-Яқинда Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида бўлиб ўтган “Очиқ мулоқот” кўрсатувида бизга туманимиз аҳолисидан 73 та мурожаат тушди. Уларнинг 40 тасига кўрсатув давомида жавоб бердик, - дейди Ургут туман ҳокими М.Турдиев. - Бироқ, айрим фуқароларнинг мурожаат қилишда ҳаддан ошаётгани ҳам кузатилмоқда. Масалан, бир киши бизга ногиронлик аравачаси сўраб мурожаат қилди. Унинг талабига кўра, ногиронлик аравачаси бердик. Аммо, мурожаатчи аравачани бошқа бировга бериб юбориб, биздан қиммат нархдаги енгил моторли ногиронлик аравачаси олиб беришимизни талаб қилди. Ана шундай вазиятларда бундай одамларга нима дейишни билмай қоласан киши. Биз қўлдан келганча муаммоларни ечишга, одамларнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилмоқдамиз, аммо баъзилар мурожаат қилиш маданиятини билса яхши бўларди.