Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутда мактаб вазифасини ўтаган чинор

Ургут тумани марказидаги “Чор чинор” зиёратгоҳида бир юз йигирмадан зиёд баҳайбат чинор дарахти яшнаб турибди. Улар минг йилдан ошиқ умр кўрган. Мажмуа дарвозасидан ичкари киришингиз билан марказий йўлакнинг икки томонида ўсган баҳайбат чинорларга кўзингиз тушади.

Қадимдан ўзбек хонадонларида бу дарахтга баҳодирлик ва паҳлавонлик рамзи сифатида қаралган. Чинор ёғочи ноёб қурилиш материали сифатида ҳам ишлатилади. Уларни кузата туриб, шоирнинг:

“Магар чинор бўлсанг, чинордай яша,

Бевақт узилмасин бирор япроғинг”, деган мисралари кўнгилдан кечади.

Зиёратгоҳдаги энг катта чинорнинг ёши 1300 йилдан ошган. Ўша чинор ковагига ўрнатилган эшикдан ичкари кирдик. Ковак кенг ва каттагина экан. Бу исталган кишини лол қолдиради. Илгари бу ерда кўплаб толиби-илмлар сабоқ олган экан. Ривоятларга кўра, араб саркардаларидан бири Хўжа Абу Толиб Ургутдаги булоқ атрофига тўрт туп чинор дарахти эктиради. У вафот этгач (866-867 йиллар), шу чинорлар яқинига дафн этилади. Хуллас, бу жой “Хожа Чор чинор”, деган бошқа ном билан ҳам аталади. “Чор чинор” мажмуаси ичида 1914 йилда Шайх Муҳиддинхон томонидан барпо этилган масжид ҳам бор.

Зиёратгоҳда сокинлик, орасталик ҳукмрон. Тоғ бағридан сизиб чиқаётган ҳовуз-булоқ жимирлаб қайнаётганга ўхшайди. Бунга сабаб ҳовуз-булоқ ўртасидаги кўзлардан чиқаётган сув. Булоқ суви муздай ва ширин. Сувда балиқлар эмин-эркин сузиб юрибди. Қора, қизил ва бошқа туслилари... Айтишларича, балиқлар булоқ атрофидан ҳеч қачон узоқ кетмас экан...

Чиндан ҳам она табиатимизнинг сир-синоати, бориб томоша қиладиган ошёнлари кўп. Улар ҳақидаги бир-биридан қизиқарли афсона-ю ривоятлар эса, унданда кўп...

У.Жумаев.