Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоят ҳокимининг сайёр қабулларида рўйхатга олинган мурожаатларнинг нечтаси бажарилмаган?

Бугун вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, вилоят ҳокимининг сайёр қабули, Ишонч телефони, телеграм мессенжери ҳамда “Очиқ мулоқот” кўрсатуви орқали қилинган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши таҳлил қилинган.

Хусусан, вилоят ҳокими Э.Турдимов ўтказган сайёр қабулларда рўйхатга олинган 5262 та мурожаатларнинг 14 таси муддатида бажарилмаган.

Таҳлилларга кўра, бажарилмаган мурожаатларнинг катта қисми Пайариқ туманига тўғри келмоқда. Мисол учун, Жавшарота маҳаласида яшовчи Файзулло Ҳамроевнинг ичимлик суви тармоғи тортиш, Ғойиб ота маҳалласида яшовчи Нурмамат Мусулмоновнинг ҳамда Бошқўрғон маҳаллалик Райим Аллаёровнинг ичимлик суви таъминотидаги камчиликлар тўғрисидаги мурожаатлари бугунги кунгача ҳал этилмаган.

Шунингдек, Деҳқонобод маҳалласида истиқомат қилувчи Шароф Эшмуҳаммедов ҳамда Халқобод маҳалласида яшовчи Ҳусниддин Бурхоновнинг ички йўлларни таъмирлаш масаласида қилган мурожаатлари ижроси таъминланмаган.

Бундан ташқари, вилоят бош архитектори Самарқанд шаҳрида яшовчи Комил Солиевнинг бузилишга тушган савдо дўкони ўрнига ер майдони ажратиш, Самарқанд шаҳар Абубакир Розий кўчаси 8-уйда яшовчи Бахтиёр Бобоевнинг эски гараж биносини бузиб, янги автотураргоҳ қуриш масаласини шу пайтгача ҳал қилмаган.

Жомбой тумани архитектура ва қурилиш бўлими томонидан Деҳқонобод маҳалласида яшовчи фуқаро Шарипова Орзигулнинг табиблик қилиш учун 2 сотих ер ажратиб бериш тўғрисидаги мурожати бугунги кунгача кўриб чиқилмаган.

Паст Дарғом тумани Қўқони маҳалласида яшовчи Гулчеҳра Юлдашеванинг оқава сув тармоғини тартибга келтириш, Катта Найман маҳалласида яшовчи Жума Омоновнинг ички йўлни таъмирлаб бериш масалалари ҳал этилмаган.

Пахтачи тумани Қарнаб ота маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Норбоевнинг қўйчилик соҳасини ривожлантириш мақсадида қудуқ қазишга ёрдам сўраб қилган мурожаати туман маҳаллий бюджетидан маблағ ажратилмаганлиги сабабли очиқ қолдирилган.

Каттақўрғон шаҳрида “Қорадарё” кўчаси 6-уйда яшовчи Ғулом Умурзоқовнинг кўчага алфальт ётқизиб бериш тўғрисидаги мурожаати ҳам эътиборсиз қолдирилган.

Ё.ГАДОЕВ.