Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хорижлик сайёҳларни Ғўс қишлоғига чорлаётган каштадўз аёл Мавлуда Ҳамдамова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди

Мавлуда Ҳамдамова Ургут туманидаги энг фаол ва ибратли ҳунармандлардан бири ҳисобланади. 40 йилдан буён каштачилик билан шуғулланиб келаётган бу ноёб касб соҳибаси ўз меҳнати ортидан элу юрт ўртасида обрў қозонган.

У каштадўзликни онаси Нарзи Нозимовадан қунт билан ўрганиб, 1978 йилдан бошлаб ўзи мустақил равишда турли кашталар тикишни бошлаган. М.Ҳамдамова туманда биринчи бўлиб каштачилик соҳасини уй юмуши, аёллар эрмагидан амалий санъат ва касб даражасига олиб чиқди. 2010 йилда Самарқанд шаҳрида каштачилик буюмлари билан савдо қилувчи шохобча очди. Натижада, 18 нафар аёл доимий иш ва даромад манбаи билан таъминланди.

ХХ асрда кашталар асосан фабрикада ишлаб чиқарилган матоларда, кимёвий бўёқлар билан рангланган иплар билан тикилган. М.Ҳамдамова Ургутнинг турли қишлоқ ва маҳаллаларини кезиб, каштачиликда азалдан ишлатилган нақш турларини чуқур ўрганди. Бадиий кашталарнинг “босма”, “йўрма” ва “чинни  хаёл” услубларини ўзлаштириб, қўлда тўқилган бўз, адрас ва шойи газламаларда кашталар тикилишини йўлга қўйди. У ипларни бўяшда табиий ранглар ишлатилишини тадбиқ қилди.

М.Ҳамдамова анъанавий услубда деворга осиладиган йирик безак буюмлари: сўзана, палак, гулкўрпа тахмонга тўшаладиган пардалар, жойпўш, зардевор, токчапўш, жойнамоз, бўғжома, рўйижолар, шунингдек ойнахалта, чойхалта, белбоғ, ёстиқча сингари 40 га яқин каштачилик намуналарини тўқишни йўлга қўйиб, асл санъат шайдоларини мамнун этиб келмоқда. Умуман олганда, унинг қўлида жило топган кашталарни кўрсангиз рангларнинг сеҳрли оламига тушиб қолгандек бўласиз.

Уйидаги устахонасига ўзбек халқи амалий санъати шайдолари бўлган чет эллик сайёҳларни чорлаб, Fўс қишлоғини вилоятдаги туризм масканларидан бирига айлантиришда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда, десак муболаға бўлмайди. Бу даргоҳдан хорижлик сайёҳларнинг қадами узилмайди. Улар эсдалик учун Мавлуда опанинг каштачилик намуналаридан ўзлари билан олиб кетишади.

Мавлуда Ҳамдамова 2010 йилда ўз уйида устоз-шогирд каштачилик мактабини очган. Унда 20 дан ортиқ ёшларга сўзаначилик сирларини ўргатиб келмоқда. 2012 йил Самарқанд шаҳар Тошкент кўчасида очилган ҳунармандлар марказида 10 дан ортиқ ёшларга устозлик қилмоқда.

Мавлуда опа жамоат ишларида ҳам фаол. Фидойилиги, жонкуярлиги билан ҳамкасблари, вилоят ҳунармандлари ўртасида ҳурмат қозонган. У оилада саришта уй бекаси, тўрт фарзанднинг меҳрибон онаси.

Унинг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди. Мавлуда Ҳамдамова, миллий каштачилик йўналишидаги ишлари учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Назира ҲАМИДОВА.