Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хотин-қизлар қўмитаси маҳкума оналарга фарзандлари билан учрашишга ёрдам беради

Зангиота туманидаги аёллар жазони ижро этиш муассасасида маҳкума аёлларнинг ҳолидан хабар олиш ҳамда жазони ўтаётган аёлларнинг мурожаатларида кўтарилган муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Баситханова бошчилигида сайёр қабул ташкил этилди.

 Қабул жараёнида муассасада жазо муддатини ўтаётган 32 нафар хотин-қизлар ўзларини қийнаётган муаммоларни очиқ баён қилишди. Уларнинг аксарияти оила аъзолари ва фарзандлари билан узоқ муддатли учрашув ташкил этилишида ёрдам сўрашди. Қўмита мутасаддилари ўз навбатида тегишли ташкилотлар билан биргаликда қонун доирасида маҳкума оналарни фарзандлари билан учрашувларини ташкил этишга кўмак беришини билдирди.

Маҳбуса аёлларнинг болалар уйларида тарбияланаётган фарзандларининг фотосуратлари оналарга етказилганда эса уларнинг кўзларидаги ёш ҳаммани ҳаяжонга солди.

Муассасада халқимизнинг севимли актёрлари Муҳаммадали Абдуқундузов ва Фатхулла Маъсудовлар иштирок этиб, ўзларининг Ватан, Она, Аёл ҳақидаги ижодий чиқишлари билан иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди.

 Ушбу тадбирлар доимий ўтказиб борилиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати.