Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги ўқув йилидан фан олимпиадаларида ўзгариш бўладими?

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди, дея хабар берди Халқ таълими вазирлигининг uzedu.uz сайтида.

Ушбу қарор билан тасдиқланаётган Низом лойиҳасида фан олимпиадаларини тўртта йўналишда ташкил этиш таклиф этилмоқда:

1. Асосий фан олимпиадаси (4 босқичда ўтказилади);
2. Маҳаллий фан олимпиадаси (1 босқичда ўтказилади);
3. Халқаро фан олимпиадаларга саралаш (3 босқичда ўтказилади);
4. Онлайн фан олимпиадаси (ҳар чоракда ўтказилади).

Шунингдек, қарор билан фан олимпиадаларини молиялаштириш тартиби, ғолибларни тақдирлаш, сертификат бериш ҳамда ғолиб ўқувчиларнинг ўқитувчиларини ва мактаб директорларини рағбатлантириш тартиби белгиланади. Бундан ташқари, ушбу лойиҳада ҳакамлар ҳайъати, аудитория раҳбарлари, назоратчилар ва апелляция коммиссияси аъзоларини саралаш тартиби, уларнинг ўз фаолиятида риоя қиладиган тамойиллар ва жавобгарликлари белгиланган.

Мазкур қарор билан тасдиқланаётган Низом лойиҳасида халқаро фан олимпиадасининг ғолиблари олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз ва қўшимча танловларсиз кириш имтиёзига эга бўлсалар, умумтаълим фанлари бўйича асосий олимпиаданинг республика босқичи ғолибларига ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва 3 йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим этилиши мазкур қарор лойиҳаси билан қайд этилган.

Шунингдек, фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш жараёни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти томонидан мувофиқлаштириб борилиши белгиланди. Жумладан, Департамент иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантиради ва мазкур ўқувчиларнинг келгусидаги фаолиятининг мониторингини олиб боради.