Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёлғон ваъда халқ ишончини йўқотмайдими?

Жорий йилнинг 21 июль куни вилоят телерадиокомпаниясининг “Очиқ мулоқот” кўрсатувида Паст Дарғом тумани ҳокими Шунқор Худойбердиев, сектор ҳамда корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этиб, аҳолидан тушган мурожаатларга жавоб қайтарган эди. Хўш, ўтган вақт давомида қанча фуқаронинг мурожаатига ечим топилди?

Туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, аҳолидан “Очиқ мулоқот” кўрсатувига 44 мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 39 таси ижобий ҳал қилинган ва қолган 5 та мурожаат ўрганилмоқда.

Ҳокимият берган маълумотдан сўнг айрим мурожаатчилар билан телефон орқали боғландик. Паст Дарғом туман мутасаддилари аҳоли йўллаган мурожаатларнинг ечимини топишга ҳаракат қилган. Аммо айрим ташкилот раҳбарларининг эътиборсизлиги оқибатида баъзи мурожаатлар бўйича аҳолида ҳануз эътирозлар бор.

– Оилам билан ижарада яшайман, – дейди Қатортерак маҳалласида яшовчи Шоҳсанам Исматова. – Уй-жой олиш учун тўрт йилдан буён ариза топшираман, аммо менга уй берилиши чўзилиб кетяпти. Шу боис кўрсатув орқали туман мутасаддиларидан мазкур муаммони ҳал қилиб беришларини сўрагандим. Мурожаат қилиб, тўғри қилган эканман. Беш кун ўтмасдан уйимизга тегишли ташкилотлардан одамлар келди ва бизга жорий йилнинг сенябрь ойига қадар уй бериладиган бўлди.

Яна бир мурожаат эгаси Амир Темур маҳалласида истиқомат қилувчи Шоира Мансурова.

– Туманимиз ҳокимидан иккита муаммони ҳал қилиб беришини илтимос қилгандим, – деди Ш.Мансурова. – Яъни, маҳалламизнинг бошқа жойларида табиий газ бор, аммо бизнинг кўчада йўқ. Шунингдек, кўчамизда ариқ йўқлиги сабабли ёмғирли кунларда уйимизгача сув киради. Мутасаддилар кўрсатувдан сўнг келишди, бироқ масалага ечим топилмади. Аксинча, камчиликларни бартараф этишини айтиб, улар ҳал қилинди, деган мазмундаги қоғозга (кейинги пайтларда мурожаатчиларнинг бартараф этилмаган муаммосини ҳал қилинди, деб имзо қўйдириш одат тусига кирди) имзо қўйдириб кетишди.

Туман ҳокимлиги берган маълумотда бу мурожаатчининг муаммоси ўрганилиб, ўз ечимини топгани кўрсатилган.

Паст Дарғом туманидаги Пўлатчи маҳалласида яшовчи Дилбар Юсупова маҳаллада ичимлик суви йўқлиги ва қудуқ сувидан истеъмол қилаётганини айтиб мурожаат қилган эди.

– Очиғи, биз яшаб турган жамиятда шу муаммони кўтариб чиқишга уяламан, - дейди у. – Аммо начора уни ҳал қилишга менда имконият етарли эмас. Қолаверса, кўрсатув орқали икки марта туман ҳокимига дардимни айтган бўлсам ҳам мени эшитадиган одам топилмаяпти.

Туман ҳокимлигидан олган маълумотимизда ҳам мазкур мурожаатчининг иши бартараф этилгани айтилган. Шу ўринда савол туғилади – “Очиқ мулоқот” кўрсатувига тушган мурожаатларнинг аксариятига ечим топилмасдан “бажарилди, бартараф этилди”, дея ҳужжат қилиб қўйиб нимага эришамиз?

Абдужаббор Пўлатов.