Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёзги олимпиада-2020: "Токио сари йўл"

2016 йилги Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари спорт оламида унутилмас воқеаларга бой бўлди.

Орадан уч йил ўтган бўлса-да, бугун ўша дамларни ҳар бир спорт ихлосманди ҳаяжон билан эсга олади. Мазкур нуфузли спорт анжуманда булунғурлик полвон Мўминжон Абдуллаев ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган эди.

Халқаро мусобақалардаги илк иштирокини 2009 йилда Филиппин давлатида қўлга киритган юнон-рум кураши устаси М.Абдуллаев орадан 3 йил ўтиб, Остонада бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 120 килограмм вазн тоифасида гиламга чиқиб, якунда II ўринни эгаллади. Шунингдек, Лондон шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларида ҳам муносиб иштирок этди.

2016 йилда Монголия пойтахти Улан-Батор шаҳрида бўлиб ўтган “Рио-2016”га йўлланма берувчи халқаро турнирда 130 килограмм вазнда гиламга чиқди. Унда фахрли 3-ўринни эгаллаб, нуфузли мусобақада иштирок этадиган бўлди.

– Ушбу йўлланмани икки бор қўлга киритганман, – дейди М.Абдуллаев. – Ўтган йили Қозоғистонда ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медал соҳибига айландим. Жорий йилнинг апрель ойида Хитой Тайпейида Осиё чемпионатида ҳам шундай натижа кўрсатдим.

М.Абдуллаев ўнга яқин турли даражадаги мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар орасидан жой олди. Мўминжон мамлакатимиз терма жамоаси аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси ҳамдир. У бугун юқори спорт формасида. М.Абдуллаевнинг 2020 йилда Токиода бўладиган галдаги олимпиадада иштирок этишига умид билдирамиз.

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ тайёрлади.