Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

@zarafshonbot‘га мурожаат: Электр таъминотидаги узилишлар сабаб дарс ўтолмаяпмиз, талаба-ёшлар фанларни ўзлаштиришдан ортда қоляпти

Самарқанд туманининг Жўйисой қишлоғида истиқомат қиламиз. Шаҳарнинг тикув фабрикасидан эшкак эшиш канали (грибной)гача реконструкция ишлари олиб борилаётгани, замонавий йўл қишлоғимизнинг ўртасидан ўтаётгани сабаб, бир йилдан буён ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу албатта, бизни хурсанд қиляпти.

Биз, зиёлиларни туман электр таъминоти корхонасининг хоҳлаган вақтда, ҳеч бир огоҳлантиришсиз светимизни ўчириб қўяётгани бизни ташвишлантирмоқда.

Ташкилотнинг 66 2400565 телефон рақамига изоҳ сўраш мақсадида қилган қўнғироқларимизга ҳам ҳеч ким жавоб бермаяпти, рақам ҳар доим банд.

Тушунамиз, реконструкция вақтида кўчаларга бетон устунлар ўрнатиляпти. Лекин бу ишлар соат 16:00 дан кейин ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки маҳалламизда олий таълим муассасаларида масофадан туриб, онлайн сабоқ олаётган юзлаб талабалар, уларга дарс бераётган профессор-ўқитувчилар бор.

Жумладан, ўзим Самарқанд давлат университетининг физика факультети талабаларига онлайн дарс ўтаман. Ўтган кундан буён кунига 3-4 соатгача ҳудудимиз электр таъминотидан узиб қўйиляпти.

Бунинг оқибатида талаба-ёшлар дарсларни ўзлаштира олмаяпти. Ўзига боғлиқ бўлмаган вазиятда ўқитувчилар ҳам зиммасидаги вазифасини бажаролмаяпти.

Туман электр таъминоти корхонаси мутасаддилари айни кунларда келажак авлод таълими билан боғлиқ ушбу муаммони ҳал этиш чораларини кўрса, яхши бўларди.

Ортиқ ПАРДАЕВ.