2021 йилдан Ўзбекистонда мажбурий суғурта тизими жорий этилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда мажбурий суғурта тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Мазкур тизимни молиявий таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма эса давлат бюджетидан акциз солиқлари ҳамда экологияга зарар етказувчи корхоналардан олинадиган қўшимча ажратмалар ҳисобига тўлдириб борилади.
Биринчи босқич 2021 йилда пилот сифатида Сирдарё вилоятининг барча туманларида жорий этилади. Мазкур вилоятда тиббиёт муассасаларига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш, давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари билан шартнома тизими, кафолатланган тиббий хизмат ҳажми ҳамда жон бошига ва ҳар бир даволанган шахс учун тўлов тизимини яратиш белгилаб ўтилган.
Иккинчи босқичда 2023 – 2025 йиллар давомида яна олтита вилоятлар қамраб олинади.
Учинчи босқичда 2025 йилдан бошлаб барча ҳудудлар тўлиқ қамраб олинади.