Чорвачилик фермер хўжалиги қандай бўлиши керак?

Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов соҳа ходимлари билан ўтказилган йиғилишда ўз фикрини билдирди.

- Бу савол бугунги кунда долзарб бўлиб турибди, - деди Э.Турдимов. - Негаки, ҳали бу соҳа ходимлари таҳлилга одатланмаган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, айрим чорвачилик фермер хўжаликлари номигагина мол боқишяпти. Гўшт, сут, тери маҳсулотлари топширмайди, ваҳоланки ҳисоботларида қатор йиллар 30-40 бош қорамоли борлигини кўрсатиб келаверишади.

Мутахассислар бориб кўрганда ҳисоботда қайд қилинган қорамоллар йўқлигига ҳам гувоҳ бўлишди. Моллари насли ҳам сермаҳсул эмас. Айримларида мол боқиш учун техник шароит йўқ, аммо улар 5-6 нафар доимий расмий ишчига эга, сут ва гўшт маҳсулотлари топширади. Яна бир тоифа фермерлар назорат йўқлигидан мол боқишга ажратилган ерларни емиш етиштирмасдан хароб ҳолга келтирган. Айрим фермерлар бор-йўғи бир ёки икки кишини номигагина ишчи сифатида расмийлаштирган, уларга  маош бермайди. Шунинг учун ҳам вилоятда чорвачилик фермер хўжаликлари фаолиятини ўрганувчи, таҳлил қилувчи ишчи гуруҳи тузилди. Хўш, улар нимани ўрганишяпти?

Биринчидан, фермерга ажратилган майдон унинг қарамоғидаги молларни ветеринария талаблари асосида парваришлашга етарлими ёки ортиқчами?

Иккинчидан, фермер ўз қарамоғидаги моллардан манфаат кўряптими? Моллар наслини яхшилаш, янгилаш чораларини кўра оляптими?

Учинчидан, фермер ўз хўжалигини юритиш тартибига риоя этяптими, унда расмий ишловчилар борми?

Ана шу ўрганиш натижасига қараб, баъзи фермерларга ер ажратиш, баъзиларидан эса самарасиз ётган майдонларни олиб қўйиш ҳақида хулосалар чиқарилади. Бу тадбирлар келгусида фермер хўжаликлари самарадорлигини таъминлаш, энг аввало, уларнинг манфаатини таъминлаш ҳамда улар фаолиятини рақамлаштириш тизимига мослаш учун амалга оширилмоқда.

Хулоса шуки, ҳар бир чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари қилаётган ишидан ўзи ҳам, бошқалар ҳам, давлат ҳам манфаатдор бўлишини ўйлаши, ишни шунга муносиб ташкил этиши зарур.